Марказий банк фаолиятини текшириш бўйича янги тартиб белгиланмоқда

Бугун 18:052 дақиқа

Марказий банк ва унинг тизими фаолиятини текширишни тартибга солувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Унда назорат ва текширув механизмларини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.

Марказий банк фаолиятини текшириш бўйича янги тартиб белгиланмоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарори асосида ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилиши кутилмоқда. Шуни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бугун, 13-май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Бугунги мажлисда Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг мустақиллиги ва банк тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унга кўра, Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини мажбурий келишиш ҳамда кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативларни, корпоратив бошқарувни, таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир ва бошқа талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда.

Тезкор ҳуқуқий чоралар

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш мақсадида Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини кучга киришига оид қоидалар белгиланмоқда.
Муҳокамаларда сўз олган депутат Нодир Жумаев Марказий банк мустақиллиги мамлакат иқтисодиёти, молия сиёсатида муҳим эканлигини қайд этди. Унинг айтишича, бу илмий тадқиқотларда ҳам, халқаро тажрибада ҳам ўз исботини топган. Марказий банкнинг валюта ва нархлар барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, шунингдек, тезкор қарор қабул қилишининг аҳамияти долзарб.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси банк тизимидаги таваккалчиликларни самарали бошқариш, назорат механизмларини кучайтириш ва замонавий халқаро амалиётларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид