Logo

Марказий банк UzQR ягона миллий ҚР-код тизими бўйича тушунтириш берди

Бугун 15:553 дақиқа

1-июлдан бошлаб Ўзбекистонда ягона ҚР-код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий талабга айланади. Бироқ тизимдаги тўловлар учун комиссия тузилмаси истеъмолчилар ва тадбиркорлар орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Марказий банк UzQR ягона миллий ҚР-код тизими бўйича тушунтириш берди © Ijtimoiy tarmoqlar

Марказу банк Ўзбекистонда 1-июлдан жорий этиладиган Ягона миллий ҚР-код тизими (UzQR) бўйича тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, Ягона миллий ҚР-код тизими мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун харажатларни камайтириш ҳамда ягона миллий тўлов инфратузилмасини шакллантириш мақсадида ишга туширилмоқда.

UzQR'нинг бош хусусияти — истеъмолчи исталган банк иловаси ёки тўлов ташкилоти мобил иловаси орқали битта ҚР-кодни сканер қилган ҳолда тўловни амалга ошириши. Бунда савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари бир неча хил ҚР-код ва тўлов ечимларини сақлаб туриш заруратини бартараф этади.

Регуляторга кўра, тизим орқали амалга ошириладиган тўловлар бўйича умумий комиссия улуши 0,65 фоиз этиб белгиланган.

«Комиссия тўлов занжирида иштирок этувчи барча томонлар ўртасида шаффоф ва ҳар бирининг реал роли ҳамда харажатларига мутаносиб равишда тақсимланади», — дейилади Марказу банк хабарида.

Комиссия қуйидагича тақсимланади:

0,10 фоиз — экваер банк, яъни ҚР-кодни мерчантга ўрнатиб берган банк;

0,15 фоиз — тўлов Uzcard ёки Humo миллий карталари орқали амалга оширилганда тегишли улуш, шундан Uzcard 0,075 фоиз ва Ҳумо 0,05 фоиз банк картаси эмитентига қайтаради;

0,20 фоиз — ҚР-код оператори: тизимни узлуксиз қўллаб-қувватлаш, ягона колл-марказ фаолияти, мижозлар учун шахсий кабинетлар ҳамда онлайн-ККМ билан интеграция харажатларини қоплаш учун;

0,15 фоиз — тўлов ташаббускори, яъни ҚР-кодни ўқувчи мобил илова;

0,05 фоиз — тўловчи банк, яъни тизимда тўловни амалга оширувчи банк.

Марказий банк тизим иштирокчилари бир вақтнинг ўзида бир нечта улуш олишлари мумкинлигини ҳам таъкидлади. Масалан, агар тўлов банкнинг ўз иловасида амалга оширилса ва карта ҳам ўша банкники бўлса, банк жами 0,20 фоиз олиши мумкин; агар мерчант ҳам ўша банкнинг мижози бўлса, улуш 0,30 фоизга етиши мумкин.

Шунингдек, тўлов банк картаси орқали эмас, балки банк ҳисобварағи ёки электрон ҳамён орқали амалга оширилганда, электрон тўлов воситаси эгаси жами 0,15 фоиз улушни олади.

Марказий банк UzQR тизимининг 0,65 фоизлик тарифини амалдаги бозор шартлари билан таққослади. Регулятор маълумотларига кўра, ҳозирги кунда савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари ҚР-код орқали тўлов қабул қилиш учун ўртача 1–3 фоиз комиссия тўламоқда. Шу нуқтаи назардан, UzQR учун белгиланган тариф мавжуд бозор ставкаларидан анча паст ҳисобланади.

Шунингдек, Марказий банк қайд этишича, Uzcard ва Humo миллий тўлов тизимлари бошқа ҚР-код ечимлари учун одатда 0,3–0,37 фоиз миқдорида комиссия олади. Бироқ UzQR умуммиллий аҳамиятга эга лойиҳа сифатида баҳолангани боис мазкур улуш 0,10 фоизгача қисқартирилган.

Шу билан бирга, Марказий банк айрим тўлов хизматлари томонидан истеъмолчилардан қўшимча комиссия ундирилаётганини тасдиқлади. Бироқ регулятор бу йиғимлар UzQR тизимининг расмий тарифига кирмаслигини таъкидлади.

«Тизимнинг расмий тариф тузилмасида тўловчидан (истеъмолчидан) ҳеч қандай комиссия ундириш кўзда тутилмаган. Барча тариф — фақат мерчант томонидан тўланадиган 0,65 фоиздан иборат, ва у юқорида кўрсатилгандек занжир иштирокчилари ўртасида тақсимланади», — дейилади Марказий банк баёнотида.

Шунга қарамай, айрим тўлов ташаббускорлари ўз ташаббуси билан истеъмолчилар учун қўшимча йиғим жорий қилган. Регуляторга кўра, бундай устамалар UzQR талабларидан келиб чиқмайди ва ҳозирда мазкур амалиётни тартибга солиш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 1-январдан Ўзбекистонда электрон тўловлар инфратузилмасини янгилаш ва ягона стандартни жорий этиш мақсадида барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар учун ягона ҚР-код жорий этилганди. Шу вақтдан бошлаб барча юридик шахслар савдо ва хизмат кўрсатиш жараёнларида айнан шу ҚР-код орқали тўловларни қабул қилишни йўлга қўйиши керак эди. 2026-йил 1-июлдан эса ягона ҚР-код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий талабга айланади.

Теглар

Мавзуга оид