Марказий банк январда 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотини жаримага тортди

Банк назорати қўмитаси ой давомида 6 марта йиғилиш ўтказиб, жами 27 та масалани кўриб чиққан.

Марказий банк январда 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотини жаримага тортди

Марказий банк январ ойида 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотини жаримага тортди, 4 та тўлов ташкилотига нисбатан қатъий чоралар қўлланилиши бўйича огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг январ ойидаги йиғилишлар (жами 6-марта) давомида 27 та масала кўриб чиқилган ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.

Жарималар ва қарорлар

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 17 та масала кўриб чиқилган. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (4 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш (3), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (5 та) билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Шунингдек, «Baraka Biznes Hamroh Mikromoliya Tashkiloti» ва «Effective Money Mikromoliya Tashkiloti» масъулияти чекланган жамиятлари ўз аризасига асосан микромолия ташкилотлари реестридан чиқарилган. Бундан ташқари, «IT Unisoft Group» акциядорлик жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия ҳам ўз аризасига мувофиқ бекор қилинган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 10 та масала кўриб чиқилган. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банк ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда тўлов ташкилотларида белгиланган талабларига риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинган.

Қўмита қарорлари

Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмагани учун 4 та тўлов ташкилотига нисбатан қатъий чоралар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилган. Шунингдек, корпоратив банк карталарига хизмат кўрсатиш жараёнида қонунчилик талаблари бузилгани, ҳамда инспекциялар давомида аниқланган камчиликлар учун 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.

Шунингдек, жорий йил январ ойида банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали қонунчиликда белгиланган энг кам миқдорга етказмагани ва банк фаолиятига оид қатор талаблар бажарилмагани сабабли «Янги банк» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси бекор қилинган.

Теглар

Мавзуга оид