
Марказий Осиё келгуси ўн йилликни сувдан оқилона фойдаланишга бағишлайди
Афғонистон ҳам Амударё ҳавзаси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича мулоқотга жалб этилиши мумкин.

Минтақада сув тақчиллиги тобора ўсиб бораётгани ва унинг барқарор ривожланишдаги салбий оқибатларини ҳисобга олиб, 2026-2036 йиллар «Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги» деб эълон қилинади. Бу таклифни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида билдирди.
Мирзиёевга кўра, экология, иқлим ва сув ресурслари тақчиллиги масалалари эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Афғонистон билан Амударё сувларидан биргаликда фойдаланиш зарур.
«Қўшни Афғонистонни Амударё ҳавзаси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга фаол жалб этишни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Соҳа кадрларини профессионал тайёрлашга инвестиция жалб этмасдан туриб, сув ресурсларини самарали бошқариш имконсиз. Шу мақсадларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти базасида Сув хўжалиги соҳасида компетенциялар минтақавий марказини ташкил этишни режалаштирганмиз», - дейди Ўзбекистон етакчиси.
Шавкат Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон келгуси йилда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми ўтказишни режа қилган.
«Бу борада сизларнинг қўллаб-қувватлашингизга ва анжуманда фаол иштирок этишингизга умид қиламиз», - деди Мирзиёев.





