add

Марказий Осиё янги давр остонасида — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасида ўзаро ишонч ва умумий тараққиётга қаратилган янги сиёсий босқич бошланганини таъкидлади.

Марказий Осиё янги давр остонасида — Шавкат Мирзиёев

«Янги Ўзбекистон» газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё янги давр остонасида» номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада Президент Марказий Осиёда кечаётган сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.

Давлат раҳбарига кўра, минтақанинг барча мамлакатлари узоқ йиллардан сўнг илк бор умумий ривожланиш ва барқарорлик йўлида биргаликда ҳаракат қилаётган янги босқичга қадам қўйди. Мирзиёев бу жараён тасодиф эмас, балки мамлакатлар етакчиларининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари, ташқи воситачиларсиз йўлга қўйилган очиқ ва тизимли мулоқот натижаси эканини қайд этди. 2017 йили бошланган Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликнинг янги архитектурасини яратди, эскидан қолган қатор келишмовчиликлар, хусусан, чегара масалаларининг ҳал этилишига туртки бўлди.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегаралар туташган нуқта бўйича шартнома, сув-энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар, жумладан Қамбарота ГЕС-1 ҳамда Баҳри Тожик сув омборидан келишилган тартибда фойдаланиш ҳақидаги битимлар янги ишонч муҳитининг амалий ифодасидир.

Сўнгги саккиз йилда минтақанинг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробарга ўсиб, 520 миллиард долларга етгани, ўзаро савдо ва инвестициялар бир неча баробар ошгани ҳам шунга мисол сифатида келтирилди.

Мақолада «Марказий Осиё плюс» форматлари орқали Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, АҚШ каби асосий ҳамкорлар билан мулоқот янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланади. Афғонистонни минтақавий жараёнларга изчил жалб этиш, Трансафғон темир йўлини барпо этиш эса барқарорлик ва иқтисодий боғлиқлик учун муҳим омил сифатида қайд этилди.

Президент минтақавий жипслашувнинг келгуси устувор вазифаларини ҳам белгилади: ҳамкорликни институционал мустаҳкамлаш, хавфсизлик бўйича умумий салоҳият яратиш, ички савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш, иқлим ва сув ресурслари бўйича биргаликда ҳаракат қилиш, гуманитар алоқалар ҳамда ташқи сиёсатда келишилган ёндашувни кучайтириш. Мирзиёевга кўра, бу саъй-ҳаракатлар «Янги Марказий Осиё»ни тинчлик, барқарор ривожланиш ва бунёдкор шериклик маконига айлантириши керак.

Теглар

Мавзуга оид