add

Марказий Осиё етакчиларига Толстой тинчлик мукофоти топширилди

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси учун халқаро мукофот билан тақдирланди.

Марказий Осиё етакчиларига Толстой тинчлик мукофоти топширилди

Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида Санкт-Петербург шаҳридаги Н.А.Римский-Корсаков номидаги давлат консерваториясида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилди.

Мукофот Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳузурида унинг ҳакамлар ҳайъати раиси, Мариинский театри бадиий раҳбари ва бош директори, Россия Катта театри бош директори, дирижёр Валерий Гергиев томонидан тақдим этилди. Маросим халқаро ҳамжамият эътиборини тортган муҳим дипломатик воқеа сифатида баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, уч мамлакат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди. Айниқса, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдаги қадамлар алоҳида қайд этилди.

Қарорда 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида уч давлат раҳбарлари томонидан Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳамда Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси имзолангани таъкидланди. Ушбу ҳужжатлар халқаро ҳуқуқ устуворлигига таянадиган умумий ва баробар хавфсизликни таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Мукофот инсонпарварлик ғояларига садоқат рамзи сифатида Марказий Осиёни тинчлик, фаровонлик ва бунёдкорлик маконига айлантириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг эътирофи экани урғуланди. Расмийлар фикрича, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда очилган янги саҳифа минтақа халқлари манфаатига хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид