Марказий Осиёда аграр секторнинг ЯИМдаги улуши: 2020—2024 йиллардаги ўзгаришлар

08.08.2025 | 19:0020 дақиқа

Минтақа давлатларида «иқтисодий профил» фарқланади. Айрим давлатлар хизматлар соҳасига таянса, бошқалари саноатга, яна бир қисми эса аграр сектори орқали кун кўради.

Марказий Осиёда аграр секторнинг ЯИМдаги улуши: 2020—2024 йиллардаги ўзгаришлар
Қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчиликдан олинган қўшилган қийматнинг ЯИМдаги улуши — давлат иқтисодиёти қандай шакллангани, қандай ресурсларга таянаётгани ва қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини аниқлаш учун муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Бу индикатор орқали биз давлатнинг аграр иқтисодиётга боғлиқлигини ва у йилдан-йилга қандай ўзгараётганини кўришимиз мумкин, деб ёзади Прогрессив ислоҳотлар маркази. [caption id="attachment_12320" align="aligncenter" width="630"]Qx qqs Фото: ПИМ[/caption]   Ўзбекистон: агрардан узоқлашаётган иқтисодиёт Ўзбекистон аграр сектори улуши бўйича энг кескин ўзгаришни бошидан кечирмоқда: бу борадаги кўрсаткич 2020 йилдаги 22,5 фоиздан 2024 йилга келиб 18,3 фоизгача тушган. Бу 4 йил ичида 4,2 фоизлик пасайиш дегани. Яъни аграр сектор ўз аҳамиятини йўқотмаяпти, аммо бошқа тармоқлар (хизматлар, саноат, қурилиш) жадал ривожланмоқда. Ҳукуматнинг иқтисодий таркибни диверсификациялашга қаратилган ислоҳотлари натижа бера бошлаган. Бу ҳолат Ўзбекистон учун ижобий тенденциядир. Айниқса банк-молия тизими, туризм, ахборот технологиялари ва логистика йўналишлари иқтисодиётда янги иш ўринлари ва юқори қўшилган қиймат яратаётган соҳага айланди. Мазкур ўзгаришлар аҳолининг меҳнат фаолиятини ҳам трансформация қилди: қишлоқдан шаҳарга, аграр ишдан интеллектуал ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналиш сезиларли даражада кучайди. Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган саноатни қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни жорий этиш каби сиёсатлар мамлакатни аграр асосдан чиқаришда муҳим роль ўйнамоқда. Эндиликда мамлакат «ўз маҳсулотини ишлаб чиқарадиган», «экспортга йўналган», «инновацияларга очиқ» иқтисодий тизим сари ҳаракат қилмоқда. Қорақалпоғистон, Сурхондарё ёки Фарғона водийси каби анъанавий аграр ҳудудларда ҳам саноат зоналари, кластерлар ва қишлоқ хўжалигини қайта ишлаш марказлари ташкил этилмоқда. Бу эса ҳар бир ҳудудни фақат етиштириш эмас, балки қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот тайёрлаш жараёнига жалб этмоқда.   Қозоғистон: аграр cоҳадан саноатлашаётган иқтисодиёт Қозоғистонда аграр секторнинг ЯИМдаги улуши 2020 йилдаги 5,4 фоиздан 2024 йилда 3,9 фоизгача пасайган. Бу барқарор тушиш саноат ва хизматлар секторининг ривожланаётганидан далолат беради. Қозоғистон иқтисодиёти асосан нефт-газ саноати, кончилик, транспорт ва логистика тармоқларига таянади. Бу камайиш ижобий тенденция сифатида баҳоланиши мумкин, чунки юқори даромадли хизматлар соҳаси ва технологик саноат аграр сектордан босқичма-босқич устунликка чиқмоқда. Иқтисодиётни саноатлаштириш жараёни мамлакатда кўп босқичли ва стратегик ёндашув орқали амалга оширилди. Энг аввало, табиий ресурсларга бойлик — нефть, газ, уран, металлар каби қимматли хомашёлар Қозоғистон саноатини шакллантиришда ҳал қилувчи омил бўлди. Шу бойликлар асосида йирик корхоналар, қайта ишлаш заводлари, нефт-газ комплекслари ва энергетика марказлари барпо этилди. Бундан ташқари, давлат «Самруқ-Қозина» сингари миллий холдинглар орқали стратегик тармоқларни марказлаштирилган ҳолда бошқариб, саноатнинг турли йўналишларига инвестиция киритишни тизимли ташкил қилди. Қозоғистон иқтисодиётининг нафақат хом ашё экспорт қилувчи, балки қайта ишловчи ва қўшилган қиймат яратадиган тузилмага айланиши учун «Индустриал-инновацион ривожланиш дастурлари» амалга оширилди. Бу дастурлар орқали енгил саноат, машинасозлик, кимё, металлургия, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати каби тармоқларда минглаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилди. Мамлакатда технопарклар, эркин иқтисодий зоналар ва инновацион марказлар очилиб, улар орқали хусусий сектор ҳам саноатлаштириш жараёнига жалб этилди. Саноатлашув натижасида Қозоғистондаги меҳнат бозорида ҳам сезиларли ўзгариш юз берди. Илгари асосан қишлоқ хўжалиги билан банд бўлган аҳоли саноат корхоналарига, шаҳарлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналди. Бу жараён урбанизация суръатларини оширди ва йирик шаҳарлар атрофида саноат кластерларини шакллантирди. Шу билан бирга, Қозоғистон таълим тизими ҳам саноат эҳтиёжларига мослаштирилиб, муҳандислик, техник ва технология йўналишларида мутахассислар тайёрлашга эътибор кучайтирилди. Қозоғистоннинг аграр иқтисодиётдан саноат иқтисодиётига муваффақиятли ўтиши ташқи сиёсатда ҳам ўз аксини топди. Мамлакат Евроосиё иқтисодий иттифоқи, ШҲТ, БМТ, ОТБ ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда экспорт бозорларини кенгайтириш, технологияларни жалб этиш ва транспорт-логистика инфратузилмасини яхшилаш йўлида иш олиб бормоқда. Бу эса Қозоғистонни минтақавий иқтисодий марказ сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.   Қирғизистонда ҳам қисқариш 2020 йилда аграр сектор ЯИМнинг 12,2 фоизини ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 8,6 фоизга тушган. Бундай ўзгаришлар бир нечта омиллар билан боғлиқ. Биринчидан, аҳоли ўртасида шаҳарлашув жараёни кучаймоқда — ёшлар қишлоқни тарк этиб, шаҳарларга, айниқса Бишкек ва Ўш каби йирик марказларга кўчмоқда. Иккинчидан, қишлоқ хўжалигида самарадорлик пастлиги, инфратузилманинг етишмаслиги ва замонавий технологияларнинг кам жорий этилиши ушбу соҳанинг ривожини чеклаб қўймоқда. Шу билан бирга, Қирғизистонда хизматлар соҳаси, айниқса савдо, банк-молия, туризм ва меҳмонхона бизнеси, рақамли технологиялар ва ташқи меҳнат миграцияси орқали юборилаётган маблағлар иқтисодиётда етакчи ўринни эгаллашга бошлади. Бундан ташқари, кичик ва ўрта саноат корхоналари ҳам фаоллашмоқда — тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда аҳоли бандлиги ортиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигига қарамликни аста-секин камайтирмоқда. Аграр сектордаги қисқариш Қирғизистон учун муайян ижобий ва салбий таъсирларга эга. Ижобий жиҳатларидан бири — иқтисодиётнинг диверсификация қилиниши ва янги соҳалардаги имкониятларни рўёбга чиқаришдир. Салбий томони эса — қишлоқлардаги иқтисодий фаолликнинг сўниши, меҳнат ресурсларининг камайиши ва баъзи қишлоқ хўжалиги ерларининг партоққа чиқиб кетиш хавфидир. Шунинг учун давлат томонидан аграр соҳани модернизация қилиш, фермерларга субсидиялар ажратиш, сув хўжалигини ислоҳ қилиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.   Тожикистонда барқарорлик Тожикистон бу даврда энг «барқарор аграр» давлат бўлиб қолмоқда. 2020 йилдаги 22,7 фоиз кўрсаткич 2024 йилда ҳам 22,5 фоиз даражасида сақланиб қолган. Бу икки жиҳатдан тушунтирилиши мумкин: ижобий — аграр сектор ҳали ҳам барқарор иқтисодий манба бўлиб қолмоқда; салбий томони — иқтисодий диверсификация, яъни хизматлар ва саноат ривожида катта силжиш йўқ. Тожикистон сўнгги ўн йилликларда Марказий Осиё минтақасида аграр иқтисодиётини барқарор сақлаб қолган кам сонли давлатлардан бири сифатида ажралиб турибди. Ҳар қандай ислоҳотларга қарамай, мамлакат иқтисодиётининг асосий таянчи ҳамон қишлоқ хўжалиги бўлиб қолмоқда. Йирик саноатлашган давлатлардан фарқли ўлароқ, Тожикистонда аграр сектор нафақат иқтисодий фаолликнинг марказида, балки ижтимоий барқарорлик ва аҳоли турмуш тарзи учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Мамлакатнинг географик жойлашуви, тоғли релъефи, сув ресурсларига бойлиги ва кўп асрлик деҳқончилик анъаналари бу соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаб келмоқда. Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисми ҳануз қишлоқ хўжалигидан келади. Аҳолининг катта қисми – айниқса қишлоқ жойларда – деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланади. Бугунги кунда мамлакатда пахта, ғалла, картошка, сабзавот ва мева-сабзавот маҳсулотлари кенг миқёсда етиштирилади. Шу билан бирга, Тожикистон мева-сабзавотларини экспорт қилувчи асосий давлатлардан бирига айланмоқда. Хорижий валютанинг катта қисми айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти орқали мамлакатга кириб келади.   Туркманистон Аграр сектори 2020 йилда 11,5 фоиз, 2024 йилда эса 11,1 фоиз улуш билан кўрсаткичда деярли ўзгармаган. Бу давлатнинг иқтисодий модели асосан табиий газ экспорти, давлат йирик саноат лойиҳалари атрофига қурилган. Аграр сектор муҳим бўлса-да, хизматлар секторининг ўсишига нисбатан анча суст. Туркманистонда қишлоқ хўжалиги асосан пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Пахта етиштириш бугунги кунда ҳам давлат назоратидаги стратегик йўналиш ҳисобланади. Мамлакатда ҳар йили юз минглаб гектар майдонларда пахта экилмоқда ва бу маҳсулот мамлакатнинг экспорт салоҳиятини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири саналади. Шу билан бирга, ғалла етиштириш, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, картошкачилик ва узумчилик соҳалари ҳам ривожланмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда деҳқончиликда замонавий агротехнологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Мамлакатда сув ресурслари чекланган бўлгани учун қишлоқ хўжалигида сувдан тежамкор фойдаланиш масаласи жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Туркманистон ҳукумати томонидан суғориш тизимларини модернизация қилиш, томчилатиб суғориш каби технологияларни жорий этиш, каналлар ва дренаж тармоқларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар ерларнинг унумдорлигини сақлаш ва маҳсулот ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Марказий Осиё давлатлари аграр сектор улушининг пасайишига қараб хизматлар ва саноатга ўтмоқда. Бироқ бу ўзгаришлар бир текисда эмас. Шу сабабли қуйидаги таклифлар долзарб:
  • Иқтисодий диверсификацияни кучайтириш Давлатлар иқтисодиётини фақат қишлоқ хўжалигига таянишдан чиқариб, саноат, хизматлар ва технологик соҳаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиши керак. Бу орқали иқтисодий барқарорлик ва рақобатбардошлик таъминланади.
  • Хизматлар соҳаси учун қулай бизнес муҳитини яратиш Солиқ имтиёзлари, соддалаштирилган лицензиялаш ва давлат томонидан кўмаклашувчи дастурлар орқали хусусий тадбиркорлик ва хизматлар соҳасидаги стартапларни рағбатлантириш зарур.
  • Ахборот технологиялари ва рақамли хизматларни жорий этиш Иқтисодиётни рақамлаштириш – банк хизматлари, онлайн таълим, электрон савдо, IT-аутсорсинг каби соҳаларни ривожлантириш орқали хизматлар улушини кескин ошириш мумкин.
  • Туризм ва маданий хизматлар салоҳиятидан фойдаланиш Марказий Осиёда бой тарихий мерос ва табиий гўзалликлар мавжуд. Туризм инфратузилмасини яхшилаш орқали янги хизматлар яратиш ва иш ўринларини кўпайтириш мумкин.
  • Меҳнат бозорини қайта йўналиштириш Қишлоқ хўжалигида ишлаётган аҳолининг маълум қисмини хизматлар соҳасига йўналтириш учун қайта тайёрлаш, касбий малака бериш ва амалиёт дастурларини ташкил этиш лозим.
  • Шаҳарлашув жараёнларини қўллаб-қувватлаш Хизматлар соҳа марказлари асосан шаҳарларда шаклланади. Шунинг учун урбанизацияни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ва миграцияни оқилона бошқариш керак.
  • Сиёсий ва институционал барқарорликни таъминлаш Хизматлар соҳасига инвестиция киритиш учун сиёсий барқарорлик, адолатли суд тизими ва фаол хусусий сектор муҳим. Бу омиллар ҳимояланган ва шаффоф бозор муҳитини таъминлайди.

Теглар

Мавзуга оид