
Махсус ҳуқуқий режимга эга «Enterprise Uzbekistan» IT маркази ташкил этилди
Ушбу марказ Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқ нормалари ва принципларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд сифатида эътироф этилади.

26 ноябр куни «Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ–233-сонли президент фармони қабул қилинди.
Ушбу фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
IT соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда халқаро даражада рақобатбардош ва жозибадор экотизимни шакллантириш;
рақамли ечимлар ва инновациялар бўйича илғор маҳаллий компаниялар фаолиятини рағбатлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш.
Шунингдек, «Enterprise Uzbekistan» рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилган. Марказ ҳудудида қуйидаги фаолият турларига рухсат этилади:
дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, рақамли технологиялар соҳасида консалтинг ва аутстаффинг хизматларини кўрсатиш;
рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аутсорсинг асосида масофавий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, бизнес жараёнлар аутсорсинги (ВРО);
видео ўйинлар (GameDev) яратиш, улар учун рақамли контент ишлаб чиқиш, жумладан, график дизайн, видео ва аудиоконтент яратиш ва таҳрирлаш;
сунъий интеллект технологияларини яратиш ва ривожлантириш.
Фармонга мувофиқ, ушбу марказ Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқ нормалари ва принципларига ёки етакчи халқаро молия марказлари стандартларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд сифатида эътироф этилади.
Маълумот ўрнида, Уэлс ҳуқуқи Англия билан биргаликда бўлиб, суд прецедентлари асосида шаклланган ҳуқуқ тизимидир. Яъни, судлар чиқарган қарорлар келгуси ишларда ҳуқуқий норма сифатида хизмат қилади. Қонун ва суд амалиёти бир-бирини тўлдиради.





