Мексика ва Ўзбекистонда нақдсиз тўловлар: янги қоидалар ва чекловлар
Мексика ва Ўзбекистонда нақдсиз тўловларга ўтиш жараёни. Қонунлар, CoDi тизими ва иқтисодий таъсир таҳлили.

Мексика иқтисодиётини рақамлаштириш мақсадида президент Клаудия Шейнбаум 19-март куни ёнилғи шохобчалари ва автомагистрал тўлов пунктларида нақд пул орқали тўловлар жорий йилдан бошлаб бекор қилиниши айтди.
Унинг таъкидлашича, ҳукумат банк сектори билан биргаликда мамлакат бўйлаб рақамли тўлов тартибларини стандартлаштириш устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, барча мексикаликлар учун рақамли тўловларни енгиллаштириш мақсадида «Banco del Bienestar» билан ҳамкорлик қилинмоқда.
«Бу йилги мақсадимиз – бензин ва йўл тўловларини рақамли тарзда тўлашни мажбурий қилиш. Бу мамлакатни бошқа йўналишларда ҳам рақамлаштиришга йўл очади», – деди президент.
89-банкчилик анжуманидаги нутқида президент Шейнбаум Мексика банки томонидан ишлаб чиқилган «CoDi» тизимидаги янгиланишларни ҳам юқори баҳолади. Энди бу тизимни мобил телефонлар орқали комиссиясиз ишлатиш мумкин. «CoDi» – бу реал вақтда ишлайдиган бепул рақамли тўлов платформасидир.
Анжуманда сўзга чиққан Мексика банки раиси Виктория Родригес ҳам марказий банк мобил қурилмалар орқали электрон пул ўтказмаларини стандартлаштириш бўйича ислоҳотлар юзасидан жамоатчилик муҳокамасини ўтказишини маълум қилди. Бу ҳам умумий рақамлаштиришга қаратилган яна бир қадамдир.
Ҳукумат, шунингдек, «Banco del Bienestar»ни рақамлаштириш жараёнига қўшишни режалаштирмоқда – айрим давлат тўловлари рақамли тарзда амалга оширилади. Ушбу банк давлатга тегишли бўлиб, асосан ижтимоий дастурлар иштирокчилари ва чекка ҳудудлардаги аҳолига молиявий хизматлар кўрсатишга қаратилган.
Банк сектори ҳам нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш учун рақамлаштириш сиёсатини қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирда Мексикада транзакцияларнинг тахминан 80 фоизи нақд пул орқали амалга оширилади.
Иқтисодий вазият
Клаудия Шейнбаум нутқида мамлакат иқтисодиётига ҳам тўхталиб, қашшоқлик тарихий даражада камайганини, миллий валюта мустаҳкамлигини, минимал иш ҳақи ошганини, молиявий тизим барқарорлигини ва ички бозор кучли эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, у банк секторини янада фаол бўлишга чақирди, айниқса кредит беришни кенгайтириш ва молиялаштиришга киришни осонлаштириш борасида. Лотин Америкаси давлатлари орасида Мексика кичик ва ўрта бизнес учун энг кам кредит таклиф қилади.
«Банк сектори ҳали мамлакат учун кўп нарса қила олади. Сектор ҳаракат қилмоқда, аммо бизга янада кўпроқ ҳаракат керак. Энг яхши янгилик – кредитлар кўпайиши», – деди у.
Шу билан бирга, Мексика банклар ассоциациясининг кредит ҳажмини 2030-йилгача ЯИМнинг 38%идан 45%игача ошириш режасини қўллаб-қувватлади.
Президентга кўра, ҳукуматнинг асосий мақсади – барқарор иқтисодий ўсиш учун қулай муҳит яратиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш. Унинг айтишича, 5,6 триллион песо (тахминан 313 млрд доллар) миқдоридаги давлат ва хусусий инвестициялардан иборат дастур ушбу ўсишнинг асоси бўлиши мумкин. Инвестициялар энергетика, темирйўллар, автомагистраллар, портлар, соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти каби 8 та стратегик соҳани қамраб олади.
Шунингдек, энергетика соҳасига инвестициялар (2030-йилгача 30 000 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ва газга қарамликни камайтириш) ҳамда технологик ва илмий инновациялар учун янги молиялаштириш манбалари иқтисодий сиёсатнинг муҳим қисмлари сифатида қайд этилди.
Ўзбекистонда вазият қандай?
Президентнинг ПФ-246-сонли фармонига кўра, 1-апрелдан қуйидаги тўловлар нақдсиз ҳолда, фақат банк карталари ёки электрон тизимлар орқали амалга оширила бошланди:
давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан фойдаланиш учун тўловлар;
спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари;
транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электр транспортларини зарядлаш хизматлари;
қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.





