
Мирзиёев «Марказий Осиё + Япония» саммитида иштирок этди
Токиода ўтган саммитда Ўзбекистон раҳбари минтақавий интеграция ва барқарор ривожланишга қаратилган кенг қамровли таклифларни илгари сурди.

20 декабрь куни Токио шаҳрида «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор стратегик ташаббусларни илгари сурди. Саммит Япония Бош вазири Санае Такаичи раислигида ўтказилди.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этди. Муҳокамалар «яшил иқтисодиёт», барқарор ривожланиш, транспорт ва энергетика ўзаро боғлиқлиги, шунингдек, инсон капитали ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Ўзбекистон раҳбари Япониянинг сўнгги 20 йилда Марказий Осиё билан мулоқот форматини илк бор илгари сурган давлат сифатида ишончли шерик бўлиб келаётганини таъкидлади. У Япониянинг инфратузилма, саноат, энергетика, фан ва таълим соҳаларида минтақавий тараққиётга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Президент саммитларни ҳар икки йилда давлат раҳбарлари даражасида ўтказишни, шунингдек, навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда ташкил этишни таклиф қилди. Шу билан бирга, «Марказий Осиё – Япония 2040» ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Иқтисодий блокда инфратузилма ва саноатни ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этиш, рақамли хаб яратиш, «яшил» энергетика ва транспорт лойиҳаларига Япония технологияларини жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Экология, сейсмик хавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма минтақавий марказлар ташкил этиш таклиф этилди.
Саммит якунида иштирокчи давлатлар ташаббусларни қўллаб-қувватлади ва Токио декларацияси қабул қилинди.





