Муддати ўтган дориларни қайта сотувга чиқармоқчи бўлганлар аниқланди

Яроқлилик муддати тугаган 55 840 дона «Меновазин», 25 000 дона «Водород пероксиди», 50 800 дона «Этил спирти» ҳамда дори воситаларини 2025-2026 йилларда ишлаб чиқарилган деган маълумотлар билан қайта қадоқлаб, сотувга чиқариш режалаштирилган.

Муддати ўтган дориларни қайта сотувга чиқармоқчи бўлганлар аниқланди

Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган фармацевтика корхонасида ўтказилган текширувда катта миқдордаги муддати ўтган дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, «Паркент эркин иқтисодий» зонасида жойлашган корхона текширилганда, омборхонасидан 55 мингдан ортиқ «Меновазин», 25 минг «Водород пероксиди», 50 мингдан зиёд «Этил спирти» ва 8 млн 270 минг донадан ортиқ ёрлиқлар топилган.

Аниқланишича, ушбу дори воситалари муддати ўтган бўлиб, уларни 2025-2026 йилларда ишлаб чиқарилган деган маълумотлар билан қайта қадоқлаб, сотувга чиқариш режалаштирилган.

Тошкент шаҳридаги ҳолатда эса фарғоналик шахс қўлга олинди. Унинг юки текширилганда, мамлакатга олиб кирилиши тақиқланган, умумий қиймати 763 млн сўмлик 6,5 мингдан ортиқ дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Суриштирув давомида ушбу дорилар Ҳиндистондан олиб келингани ва яна бир шериги билан сотиш режалаштирилгани аниқланди. Қўшимча равишда унинг уйидан ҳам 48 млн сўмлик дори воситалари топилди.

Ҳар икки ҳолат бўйича дори воситалари экспертизага юборилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шунингдек, аҳолига дори воситаларини фақат расмий дорихоналардан харид қилиш, уларнинг келиб чиқиши ва сифатига эътибор бериш тавсия этилди. Шубҳали ҳолатлар юзасидан 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Теглар

Мавзуга оид