Нафақахўрлар учун энг яхши давлатлар рейтинги эълон қилинди

03.03.2026 | 16:152 дақиқа

Рейтингда дунё бўйлаб қулай, арзон ва барқарор ҳаёт таклиф этувчи мамлакатлар сараланган.

Нафақахўрлар учун энг яхши давлатлар рейтинги эълон қилинди

2025-йилги Global Нафақа Индекси нафақага чиққандан сўнг хорижда яшашни режалаштираётганлар учун энг муносиб давлатлар рўйхатини тақдим этди.

Рейтинг тўртта асосий мезон — молиявий барқарорлик, моддий фаровонлик, соғлиқни сақлаш тизими ва ҳаёт сифати асосида шакллантирилган. Бунда пенсия тизимининг мустаҳкамлиги, инфляция даражаси, аҳоли даромади, ишсизлик кўрсаткичи, умр давомийлиги ҳамда атроф-муҳит ҳолати каби омиллар инобатга олинган. Ушбу комплекс ёндашув қайси мамлакатда кексаликни қулай ўтказиш мумкинлигини аниқлаш имконини берди.

Рейтингда биринчи ўринни 83 фоиз кўрсаткич билан Норвегия эгаллади. Мазкур давлат юқори даромад даражаси, кучли пенсия тизими ва ҳаёт сифати билан ажралиб турди. Ирландия 82 фоиз билан иккинчи, Швейсария эса 81 фоиз билан учинчи поғонадан жой олди. Кейинги ўринларда Исландия, Дания ва Нидерландия 79 фоиздан натижа қайд этган.

Австралия 77 фоиз билан еттинчи, Германия 76 фоиз билан саккизинчи бўлди. Люксембург ва Словения 75 фоиз натижа билан кучли ўнликни якунлади. Ирландия сўнгги ўн йилда 15-ўриндан 2-ўринга кўтарилиб, энг катта ўсишни намойиш этди.

Шимолий Америка мамлакатлари эса бироз ортда қолди. Канада ва АҚШ 70 фоиз натижа билан рейтингнинг ўрта қисмида жойлашди. АҚШ 21-ўринни эгаллаб, тиббиёт харажатларининг юқорилиги ва давлат қарзининг катталиги туфайли пастроқ баҳоланди. Канадада уй-жой нархларининг қимматлиги унинг позициясига салбий таъсир кўрсатди.

Таҳлилчиларга кўра, нафақадаги ҳаёт сифатини фақат даромад эмас, балки соғлиқни сақлаш тизими самарадорлиги ва умумий ижтимоий барқарорлик белгилайди. Рейтинг натижалари давлатлар учун пенсия ва ижтимоий сиёсатни такомиллаштиришда муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид