add

Наркожиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилади

Бугун 11:552622

Президент гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан кучайтиришга қаратилган янги фармонни имзолади. Янги тартибга кўра, айрим жиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади.

Наркожиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилади

«Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»Президент фармони имзоланди. Ҳужжат 2024–2028 йиллар стратегияси доирасида аҳоли саломатлиги, айниқса, ёшлар ва миллат генофондини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чораларни белгилайди.

Янги фармонда Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятлар» номли алоҳида бўлим киритиш таклиф этилган.

Унга кўра, наркожиноий уюшма тузиш, фаолиятини таъминлаш, гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳ томонидан трансчегаравий ёки интернет орқали ўтказиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб ҳомийлик қилиш, шунингдек, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилади.

Шунингдек, ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиб бундай жиноятларга ҳомийлик қилиш ҳам оғир жиноят сифатида баҳоланади. Гиёҳванд моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилган фуқароларга нисбатан ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси жорий этилади.

Бундан ташқари, моддаларни катта миқдорда тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки контрабанда қилиш учун жиноий жавобгарлик икки бараваргача оғирлаштирилади.

Таълим муассасалари ва ёшлар билан боғлиқ жиноятларга нисбатан ҳам катта чоралар кўрилади. Масалан, вояга етмаганларни гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб этганлар 10 йилгача қамоқ жазосига тортилади. Таълим муассасалари ва ётоқхоналар ҳудудида моддаларни тарқатиш эса оғирлаштирилган жиноят сифатида баҳоланади.

Шунингдек, айрим наркожиноятларни содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинмайди. Фармоннинг асосий мақсади — жамиятда гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ва жиноятчиликни камайтиришдир.

Теглар

Мавзуга оид

Наркожиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилади | Vaqt.uz