
«Наркотикларга қарши курашиш фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди
Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашда фаоллик кўрсатган фуқаролар, биринчи навбатда, ёшлар ҳар йили махсус кўкрак нишони билан тақдирланади.

Ўзбекистон ҳукумат қарори билан «Наркотикларга қарши курашиш фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Мазкур мукофот гиёҳвандликка ва наркотик моддалар тарқалишига қарши курашда алоҳида фаоллик кўрсатган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган. Нишон, аввало, бундай ишларда ташаббускор ва фидойилик намоён этган ёшларга берилади.
Номзодлар рўйхати Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигига ҳар йили 1 майга қадар тақдим этилади. Мукофот, қоидага кўра, 26 июн — Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни арафасида ўтказиладиган тантанали маросимда топширилади.
Бир шахс ушбу кўкрак нишони билан фақат бир марта мукофотланиши мумкин. Нишон давлат мукофотларидан кейин, кўкракнинг чап томонида тақилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда гиёҳвандликка оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Янги тартибга кўра, айрим жиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади.





