Нефт нархи яна оша бошлади

Бугун 16:262 дақиқа

Бозорлар очилгандан сўнг Европа ва АҚШ акциялари пасайишига тайёргарлик кўрилмоқда. ОАВ эса АҚШ иттифоқчилари Эронга қарши урушга қўшилиши мумкин, деб ёзмоқда.

Нефт нархи яна оша бошлади

Нефт нархи яна ўсишга қайтди ва баррел учун 100 доллардан юқорида мустаҳкамланди. Бу эса бир кун олдин 11 фоизга тушиб кетганидан кейин содир бўлди, у пасайишга Доналд Трампнинг Эрон энергетика инфратузилмасига зарба беришни кечиктириш қарори сабаб бўлган эди. Эрон инқирози якунланишига бўлган умидлар эса Теҳрон Вашингтоннинг махфий музокаралар ҳақидаги баёнотларини рад этганидан сўнг сусайди. Шунингдек, «The Wall Street Journal» АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари тўғридан тўғри ҳарбий можарога қўшилишга яқин эканини хабар қилди.

Эталон нефт тури «Brent crude» фючерслари ва Шимолий Америка «WTI crude» контрактлари 24-март куни 4 фоиздан ортиқ қимматлашиб, мос равишда 104 ва 92 долларга етди. Эрон парламенти вице-спикери Али Никзоднинг айтишича, Ҳўрмуз бўғози аввалги ҳолатига қайтмайди ва Вашингтон билан ҳеч қандай музокаралар бўлмайди.

Юқори лавозимли манбанинг «CBS»га билдиришича, Теҳрон фақат воситачилар орқали АҚШдан келган ёзишмаларни ўрганмоқда.

Нефт нархининг ўсишига яна бир сабаб – можаро географиясининг кенгайиш хавфи. «The Wall Street Journal» маълумотига кўра, Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларга қўшилишга тобора мойил бўлмоқда. Хусусан, Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон ҳозир тийиб туриш салоҳиятини тиклашга интилаётгани ва ҳужумларга қўшилиш қарорини қабул қилишга яқин экани айтилмоқда. Манбалардан бирига кўра, подшоҳликнинг урушга кириши вақт масаласи, холос.

Таҳлилчилар фикри

«XS.com» таҳлилчиси Лин Траннинг таъкидлашича, «агар Форс кўрфази давлатлари можарога қўшилса, бу жиддий эскалацияни англатади ва қисқа муддатда бозорнинг хавфларни баҳолаш тарзини ўзгартириши мумкин. Бозор ахборот фонида жуда сезгир бўлиб қолмоқда, бу эса кескин нарх сакрашлари ва кейинги тез тушишларга олиб келмоқда».

«Bloomberg» хабарига кўра, Доналд Трампнинг доимий ўзгариб турувчи баёнотлари савдо ҳажмларининг қисқаришига олиб келган, ахборот муҳитидаги ноаниқлик сабаб трейдерлар таваккал қилишга тайёр эмас. Агентлик ҳисоб-китобига кўра, Эрондаги уруш бошланганидан бери «Brent» фючерслари тарихдаги энг катта сакрашларнинг олтитасидан тўрттасини бошдан кечирган.

«IG» таҳлилчиси Тони Сикамор «Reuters»га берган изоҳида шундай дейди:

«Вазият ҳали ҳам жуда ноустувор ва ҳатто портловчи ҳолатда. Барча томонлар бир хил фикрда эмас. Трамп истаганини айтиши мумкин, аммо Ҳўрмуз бўғози ёпиқ ва у барча эронликлар келишувга келмагунча ёпиқ қолади, муаммо айнан шунда».

Акциялар ҳолати

24-март куни Осиё фонд бозорлари Уолл Стритт ортидан ўсди. «MSCI»нинг Япониядан ташқари Осиё-Тинч океани акциялари индекси 1,2 фоизга ошди, «Nikkei» 225 0,6 фоизга кўтарилди, «Hang Seng» эса 1,5 фоизга ўсди.

Бироқ АҚШ фючерслари пасайишга ўтди: «Nasdaq» индекси бўйича контрактлар 0,6 фоизга, «S&P 500» эса 0,5 фоизга тушди. Европа «EUROSTOXX» 50 фючерслари 0,9 фоизга, Британиянинг «FTSE 100» индекси эса 0,8 фоизга пасайгани хабар қилинди.

Теглар

Мавзуга оид