
Ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин
Президент иштирокидаги тақдимотда ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондан Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайди. Бу ҳақда бугун, 18 ноябр куни президент ҳузуридаги тақдимотда айтилди.
Йиғилишда Европада ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Айни пайтда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Шу сабаб бугун, президент томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилган.
Шунингдек, хорижий давлатларда миграция бўйича атташе ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакат ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш режалаштирилган.
Тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Қайд этилишича, «Хорижда иш» платформасида 25 турдаги хизмат тақдим этилмоқда, жорий йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Лекин хизматларнинг барчаси ҳам рақамлашмаган.
Президент тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди. Платформада биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатиш, фуқароларга масофавий маслаҳат беришни йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилган.
Миграция агентлигида фуқароларга туну кун тезкор ёрдам берадиган ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинди. Тақдимотда ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида халқаро аэропортларда интерактив миграция инфокиоскларини ўрнатиш, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган консалтинг ташкилотлари учун жарима миқдорини ошириш таклиф қилинди.
Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жавобгарлик киритиш масаласини ўрганиш топширилди. Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, меҳнат миграцияси жараёнларини янада қулай, хавфсиз ва шаффоф қилиш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.





