add

Ню Йорк сиёсий ҳаётида янги босқич: шаҳарга илк мусулмон мэр сайланди

Бугун 10:253822

34 ёшли демократик сиёсатчи Зоҳран Мамданий Ню Йорк шаҳар мэри сайловида ғалаба қозонди. У шаҳар тарихида бу лавозимни эгаллаган илк мусулмон сифатида тарихга кирди.

Ню Йорк сиёсий ҳаётида янги босқич: шаҳарга илк мусулмон мэр сайланди

Америка Қўшма Штатларининг энг йирик шаҳри — Ню Йоркда бўлиб ўтган сайловларда демократлар партиясидан номзод Зохран Мамданий ғалаба қозонди. У дастлабки натижаларга кўра, 50,4 фоиз овоз тўплаб, собиқ губернатор Эндрю Куомо (41,6 фоиз) ва республикачилар номзоди Кёртис Сливани (7,1 фоиз) ортда қолдирди.

Мамданийнинг ғалабаси АҚШ сиёсий саҳнасида янги босқични бошлади. У Угандада келиб чиқиши ҳинд бўлган ота-онадан туғилган, кейинчалик оиласи билан Жанубий Африка орқали Ню Йоркка кўчиб келган.

Унинг онаси — машҳур ҳинд-америкалик режиссёр Мира Наир, отаси эса угандалик олим Маҳмуд Мамданийдир.

Мамданий 2018 йилда АҚШ фуқаролигини олган ва 2025 йил бошида суриялик рассом Рама Дуважига уйланган.

Сиёсий фаолияти 2020 йилда Ню Йорк штат Ассамблеяси аъзоси этиб сайланишидан бошланган. Мамданий ижтимоий адолат ва кам таъминланган аҳолини ҳимоя қилиш ғоялари билан танилган.

Унинг мерлик сайлови олдидаги дастурида арзон уй-жой масаласи асосий йўналиш бўлди. Мамданий минимал иш ҳақини 2030 йилгача соатига 30 долларгача ошириш, болаларга мактабгача таълимни бепул қилиш ва шаҳарда автобусларда бепул саёҳат тизимини жорий этиш тарафдори.

Шу билан бирга, у солиқларни бойлар учун оширишни таклиф қилгани ва фаластинликлар ҳуқуқларини очиқ ҳимоя қилгани учун танқидга учрага.

Айрим бизнес етакчилари ҳам ўз хавотирларини билдиришди. Масалан, таниқли молиячи ва инвестор Билл Акман Х ижтимоий тармоқ сайтида «Мамданийнинг корпоратив солиқларни ошириш каби бизнесга қарши сиёсати Ню-Йоркдаги иш ўринларини йўқ қилади ва компанияларни шаҳарни тарк этишга мажбур қилади», деб ёзди.

Президент Доналд Трамп эса Мамданийга қарши чиқиб, уни «коммунистик жинни» деб атади ва агар у ғолиб бўлса, Ню Йоркка федерал маблағ ажратиш чекланишини айтди. Мамданий эса «мен шаҳар аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилишдан қайтмайман» дея жавоб берди.

Ню Йорк мэрлиги АҚШдаги энг нуфузли маҳаллий лавозимлардан бири саналади. 116 миллиард долларлик бюджетга эга шаҳарда таълим, полиция ва транспорт тизими каби соҳаларни бошқариш мер зиммасида.

Мамданийнинг сайланиши нафақат шаҳар, балки бутун мамлакат сиёсий ҳаётида янги босқични бошлаши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ню Йорк сиёсий ҳаётида янги босқич: шаҳарга илк мусулмон мэр сайланди | Vaqt.uz