«Oman Air» Тошкент-Маскат йўналишида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди

Бугун 12:551 дақиқа

Ўмон миллий авиакомпанияси «Oman Air» 2 июндан Тошкент ва Маскат ўртасида ҳафтасига уч марта тўғридан-тўғри рейслар амалга оширишини эълон қилди.

«Oman Air» Тошкент-Маскат йўналишида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди © Paul Nelhams

«Oman Air» авиакомпанияси 2 июндан бошлаб Тошкент ва Маскат орасида тўғридан-тўғри мунтазам парвозларни йўлга қўяди. «Uzbekistan Airports» маълумотларига кўра, парвозлар ҳафтасига сешанба, жума ва шанба кунлари Boeing 737 самолётлари орқали амалга оширилади.

Янги йўналиш йўловчиларга Маскат халқаро аэропорти орқали Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва Европа давлатларига транзит сафар қилиш имконини тақдим этади. Бу йўналиш, шунингдек, бизнес сафарларини амалга ошириш ва тез ва қулай алоқа таъминлаш учун мослаштирилган.

«Oman Air» ҳақида

«Oman Air» — Ўмон Султонлигининг миллий авиакомпанияси бўлиб, кенг халқаро йўналишлар тармоғи бўйича парвозлар амалга оширади. Компания «British Airways» ва «Qatar Airways» каби авиакомпаниялар аъзо бўлган «Oneworld» глобал авиация алянси таркибида фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 2 апрелда Ўзбекистон ҳукумати «Oman Air» авиакомпаниясига Маскат-Тошкент-Маскат йўналишида мунтазам рейсларни амалга ошириш учун Фойдаланиш рухсатномасини берган эди. Шунингдек, 2026 йил март ойида Ўзбекистон ва Ўмон раҳбарлари Маскат-Тошкент йўналишини 1 июндан йўлга қўйиш режасини маълум қилган эди.

Маълумот учун, 2024 йил 1 июндан бошлаб Ўмон Ўзбекистон фуқаролари учун 14 кунга визасиз режим жорий қилган, бу эса йўловчилар учун сафарни янада қулайлаштирди.

Теглар

Мавзуга оид