«Оммавий ахборот воситалари янгиланган алифбода иш юритиши қатъий белгиланади» — Нодиржон Холбўтаев
У икки алифбодан фойдаланиш жараёнига нуқта қўйилишини айтди. Худди шундай ёндашувни давлат органлари ва расмий ҳужжат айланишида ҳам қўллаш назарда тутилмоқда.

Ўзбек алифбосини янгилаш тўғрисидаги қонун кучга киргач, Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситалари ва расмий иш юритишни унга ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 10-сентябр куни ўтказилган Сенат мажлисида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев маълум қилди.
Йиғилишда сенатор Ҳусан Эрматов Ўзбекистон шу пайтгача амалда иккита алифбодан — кирилл ва амалдаги лотин ёзувидан фойдаланаётганини айтиб, ҳукумат вакилига савол билан юзланди.
«Хоҳлаймизми-йўқми, газеталар ҳалигача кирилл ёзувида чиқмоқда ва тўлиқ лотин ёзувига ўтиш бизга ҳозирча насиб этмади. Дейлик, лотин алифбосини танлаган бўлсак-да, ўтишнинг охирига етказилмагани сабабларидан бири биз томонимиздан қатъиятнинг етишмагани бўлди. Агар бу ерда ҳам етарлича қатъият бўлмаса, менинг назаримда, воқеликда бизда бир вақтнинг ўзида учта алифбо ишлатилиши мумкин», — деди сенатор.
У ўтишнинг аниқ муддатларини, жумладан ОАВ учун ҳам, олдиндан белгилашни таклиф қилди.
«Ўзи ўтишнинг аниқ муддати белгиланганми? Паспортлар, ҳужжатлар — бу тушунарли, манзил лавҳалари ва бошқа шу каби нарсалар каби. Аммо, масалан, оммавий ахборот воситалари қачон янги алифбога ўтиши керак? Бунга ҳам тайёр бўлиш керак», — деди сенатор.
Сенаторнинг саволларига жавоб берар экан, Холбўтаев қонун кучга киргандан сўнг барча оммавий ахборот воситалари ягона, стандартлаштирилган, тасдиқланган ва такомиллаштирилган алифбода ишлаши талабини қўйиш режалаштирилаётганини айтди.
«Худди шундай ёндашувни давлат органлари ва расмий ҳужжат айланишида ҳам қўллаш назарда тутилмоқда. Бошқа соҳаларда ҳам — давлат органлари бўладими ёки бошқа расмий иш юритишми — биз изчиллик билан ягона янгиланган алифбога ўтиш ниятидамиз», — деди у.
Департамент мудирининг айтишича, ватандошлар ўзларининг эркин ёзишмаларида ўзлари ўрганган алифболардан фойдаланиши мумкин. Лекин расмий иш юритиш ва расмий оммавий ахборот воситаларида тўлиқ янги алифбодан фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев барча мактаб дарсликлари 2031-йилгача янги алифбога ўтказилишини айтганди.





