Ўзбекистонда гўшт ишлаб чиқаришни 400 минг тоннага ошириш режалаштирилмоқда
25 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев танишган чорвачиликда озуқа базасини комплекс ривожлантириш тақдимотида озуқа етиштириш ҳажмини ҳозирги 48 миллион тоннадан 2027 йилда 64,5 миллион тоннага, 2030 йилга бориб эса 90 миллион тоннага етказиш режаси маълум қилинди. Бугунги кунда озуқа харажатлари гўшт таннархининг 30 фоизини ташкил этаётгани ва чорвачилик учун ажратилган қарийб 480 минг гектар ернинг камида 20 фоизидан самарасиз фойдаланилаётгани қайд этилди. Шу боис ерлардан мақсадли фойдаланишни космик мониторинг орқали назорат қилиш, 2030 йилгача 200 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, 1 миллион гектар яйловда дронлар ёрдамида уруғ сепиш, ҳосилдорликни гектарига 350 центнердан 500 центнерга ошириш ҳамда қорамолларнинг 87 фоизи боқилаётган аҳоли хонадонлари учун 100 дан ортиқ озуқа марказлари ва шохобчаларини ташкил этиш белгиланди.
Тақдимотда соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари — 500 гектардан ортиқ ерни ўзлаштирганларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 минг куб метргача сиғимга эга сув ҳавзалари қуриб бериш, «Пивот» суғориш технологияси учун субсидияни гектарига 2,5 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача ошириш, қайта тикланувчи энергия ускуналари харажатининг 50 фоизигача қисмини қоплаш ҳамда 2027 йилдан Қашқадарёда синов тариқасида аҳоли хонадонларида озуқа харидининг 10 фоизини субсидиялаш таклиф этилди. Шунингдек, озуқабоп экинлар уруғига эҳтиёжнинг 95 фоизи импорт ҳисобидан қопланаётгани сабабли Қашқадарёда Миср олимлари билан уруғчилик марказларини очиш, наслчиликда эса сунъий уруғлантириш ва эмбрион кўчириб ўтказиш технологияларини кенг қўллаш кўзда тутилган. Ушбу чора-тадбирлар ҳисобига қорамолларнинг сўйишга топширишдаги тирик вазнини 250–350 килограммдан 450–550 килограммга етказиш ва қўшимча 400 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 млн доллар ажратади
Жаҳон банки 25 ноябрь куни Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар миқдоридаги молиялаштириш пакетини маъқуллади. Маблағлар хусусий бизнес, ижтимоий ҳимоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва савдони ривожлантиришга йўналтирилиб, 2029–2031 йилларда мамлакатда қўшимча 275 мингта сифатли иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Дастур доирасида ижтимоий суғурта қамровини кенгайтириш (ҳомиладорлик, туғиш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари), хавфсиз меҳнат шароитларини кучайтириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ҳамда 2028 йилгача яна 500 минг кишини (шундан 250 минг нафари хотин-қизлар) кенг полосали интернетга улаш режалаштирилган.
Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ бозорида хусусий операторлар иштироки кенгайтирилиб, 2028 йилгача электр истеъмолчиларининг 15 фоизига улар бошқарадиган тармоқлар орқали хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалигида эса фермер ва чорвадорларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш мўлжалланган. Ташқи савдода божхона ишларини «ягона дарча» тизими орқали соддалаштириш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашади. Бундан ташқари, 2028 йилгача энергия самарадорлиги лойиҳаларига 10 миллион доллар хусусий инвестиция жалб қилиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия қувватини 3 000 МВт гача етказиш кўзда тутилган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш 2029 йил 29 июнгача давом этади.
Бухоро марказий деҳқон бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди
Бухоро марказий деҳқон бозори фаолияти ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол бузилгани ва фавқулодда вазиятлар хавфи юқорилиги сабабли вақтинча тўхтатилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, қоидабузарликлар асосан бозорнинг кийим-кечак қисми ва унга туташ ҳудудда аниқланган: тадбиркорлар ўт ўчириш машиналари йўлларини тўсиб, савдони белгиланган 1 метрлик меъёрдан чиқариб юборган, дўкон пештоқлари матолар ва тез ёнувчан пластик қопламалар билан тўсилган, айрим томларда эса тез ёнувчан алюкобонд ишлатилган. Шунингдек, электр симлари меъёрларга зид ва тартибсиз ўтказилгани, дўконлар ёнғин ҳақида автоматик хабар берувчи қурилмалар билан тўлиқ жиҳозланмагани, ер ости сув олгичлари носозлиги ҳамда ўт ўчириш бурчакларида камчиликлар мавжудлиги қайд этилган.
Бозор фаолияти вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, солиқ бошқармаси ва ишчи гуруҳ ўрганишларидан сўнг вилоят иқтисодий суди қарори билан тўхтатилган. Дўкон эгалари ва бозор маъмуриятига аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш топширилган бўлиб, улар тўлиқ тузатилгач, бозор фаолияти қайта тикланади.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев яна бир компанияда улуш сотиб олди
Ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинган маълумотга кўра, ишбилармон Жаҳонгир Ортиқхўжаевга 100 фоиз тегишли бўлган «J-United Group» МЧЖ гўштни қайта ишлаш билан шуғулланувчи «SPICEMEAT» АЖнинг 22 фоиз улушини харид қилди. Сотиб олинган мазкур акциялар пакетининг қиймати 58 миллион сўмни ташкил этган.
Маълумот учун, «SPICEMEAT» акциядорлик жамияти 2026 йил 31 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, гўштни қайта ишлаш ва консервалаш фаолияти билан шуғулланади. Устав капитали 264 миллион сўмга тенг бўлган ушбу компания ҳақида очиқ манбаларда бошқа маълумотлар деярли учрамайди.
Марказий банк қайси банклар тизимли аҳамиятга эга эканини айтди
Ўзбекистон Марказий банки 2027 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар рўйхатини тасдиқлади ва унинг таркиби ўтган йилгига нисбатан ўзгаришсиз қолди. Банк назорати қўмитаси қарори билан рўйхатга 7 та банк — «Ўзмиллийбанк», «Агробанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асакабанк», «Капиталбанк», «Халқ банки» ва «Ипотека-банк» киритилди. Актив ва мажбуриятлар ҳажми, тизимдаги ўзаро боғлиқлик, хизматлар қамрови ҳамда операциялар мураккаблиги мезонлари асосида баҳоланган ушбу банкларнинг активлари 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра мамлакат банк тизими жами активларининг 60 фоизини ташкил этган.
Тизимли аҳамиятга молик банклар фаолияти устидан алоҳида назорат ўрнатилади ҳамда улар молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ва эҳтимолий хатарлардан келадиган зарарни қоплаш учун таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларининг 1 фоизи миқдорида қўшимча капитал буферини шакллантириши шарт. Маълумот учун, 2026 йил апрель ойида Халқаро валюта жамғармаси давлат банкларига давлат функцияларини юклаш молиявий хатарлар ва бюджет харажатларини оширишини таъкидлаб, уларни сақлаб қолиш режасини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган эди. Аввалроқ эса «Fitch Ratings» давлат банкларини хусусийлаштириш 2028 йилгача кечикиши мумкинлигини, бироқ амалдаги режага кўра 2027 йил охиригача сотилиши керак бўлган «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари тезлашганини қайд этган.