
Ота-она қарамоғисиз қолган 19 ўзбекистонлик бола ватанга қайтарилди
Россиянинг Екатеринбург, Москва, Волгоград ва бошқа шаҳарларда ота-онаси қарамоғисиз қолган 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотича, Россиянинг турли шаҳарларида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ва ижтимоий муассасаларда сақланаётган 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, назоратсиз қолган ёки оғир ижтимоий аҳволдаги яна 16 нафар вояга етмаган бола ҳам ватанга олиб келинган.
Болаларнинг шахсий маълумотларини аниқлаш, улар учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва ташкилий масалаларни ҳал этиш ишлари Россиянинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган. Ҳар бир боланинг соғлиғи, психологик ҳолати ва ҳуқуқий ҳимояси бўйича чоралар кўрилган.
«Дунё» агентлигининг аниқлик киритишича, болалар Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Нижний Новгород, Москва вилояти, Хакасия, Махачқалъа ва Новосибирск шаҳарларидан келган. Шунингдек, Санкт-Петербург ва Челябинскда оғир аҳволда бўлган болалар аниқланиб, юртимизга қайтарилган.
Ўзбекистонга қайтарилган болаларни “Инсон” марказлари ва ҳимоя агентлиги ходимлари қабул қилиб олган. Уларга муқобил жойлаштириш, психологик реабилитация, таълим тизимига қўшиш ҳамда оилага қайтариш бўйича комплекс ёрдам кўрсатилади. Шу билан бирга, маҳалла тизими орқали ижтимоий мослашув ва кузатув ишлари йўлга қўйилган.
Маълумот учун, жорий йил 30 июлдан 30 августгача ўтказилган «Ватанга қайтариш» хайрия акцияси доирасида 15 та давлатдан 1300 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган бўлиб, уларнинг 438 нафари болалардир. Энг кўп фуқаролар — 993 нафар киши — Россиядан келтирилган.





