Logo

ОТБ Тожикистонга пенсия тизимини модернизация қилиш учун 20,5 млн доллар бермоқчи

Кеча 22:553 дақиқа

Маблағлар пенсия хизматларини рақамлаштириш, аҳолини пенсия тизими билан қамраб олишни кенгайтириш ва ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятини яхшилашга йўналтирилади. Банк президенти бутун умри давомида меҳнат қилган инсонлар учун пенсия таъминотининг ишончлилиги қоғозбозлик ёки яшаш жойига боғлиқ бўлмаслиги кераклигини айтди.

ОТБ Тожикистонга пенсия тизимини модернизация қилиш учун 20,5 млн доллар бермоқчи © OTB

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тожикистон учун аҳолини пенсия хизматлари билан қамраб олишни кенгайтириш, пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ижтимоий хизматларнинг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш учун 20,5 млн доллар миқдорида грант маблағларини маъқуллади.

ОТБнинг маълум қилишича, молиялаштиришнинг 19,5 млн доллари Осиё тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан, яна 1 млн доллари эса Япония ҳукумати томонидан ОТБ орқали молиялаштириладиган Юқори технологиялар жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади. Шу билан бирга, Осиё тараққиёт жамғармаси грантининг 12,32 млн доллари Яқин Шарқдаги можаронинг иқтисодий ва молиявий оқибатларидан зарар кўрган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ажратилади.

«Бутун умри давомида меҳнат қилган инсонлар учун пенсия таъминотининг ишончлилиги қоғозбозлик ёки яшаш жойига боғлиқ бўлмаслиги керак», — деди ОТБ президенти Масато Канда.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Тожикистонда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ва ҳозирда пенсия тизимидан ташқарида қолаётган аҳолини ушбу тизим билан қамраб олишга ёрдам бериши керак.

ОТБ маълумотларига кўра, Тожикистонда пенсия тўловлари миқдори Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, норасмий секторда бандлик, мавсумий иш, ўзини ўзи банд қилиш ва меҳнат миграцияси кўплаб ишчиларнинг пенсия суғуртаси тизимидан ташқарида қолишига сабаб бўлмоқда.

Банкнинг урғулашича, оз таъминланган оилалар, пенсионерлар, норасмий сектор ходимлари ва аёлларга озиқ-овқат ҳамда ёқилғи нархларининг ошиши, транспорт қатнови ва таъминотдаги узилишлар, шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасидаги ноаниқлик қўшимча юк бўлмоқда.

Нималар ўзгаради?

Лойиҳа доирасида Ижтимоий суғурта ва пенсиялар агентлиги модернизация қилинади. Замонавий ва ҳимояланган маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳамда хизматлар кўрсатиш ва тизимни бошқариш учун ягона рақамли платформа яратиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, киберхавфсизликни кучайтириш, ҳужжатларни рақамлаштириш, идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, агентликнинг Душанбе ва Бохтардаги офисларини янгилаш ҳамда ходимларни янги рақамли тизимлар билан ишлашга ўқитиш кўзда тутилган.

ОТБ баҳосига кўра, ушбу чоралар натижасида камида 320 минг нафар амалдаги суғурта бадаллари тўловчиси ва 250 минг пенсионер хизматлардан тезроқ, хавфсизроқ ва қулайроқ фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Лойиҳа, шунингдек, норасмий секторда ишловчилар ва ўзини ўзи банд қилганлар, меҳнат мигрантлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини пенсия таъминоти билан қамраб олишни кенгайтиришга қаратилган. Ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имконияти чекланган аёлларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улар тизимда рўйхатдан ўтиши ва, хусусан, оналар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда зўравонликдан ҳимояланиш хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Осиё тараққиёт банки — Осиё-Тинч океани минтақасида барқарор ва инклюзив ўсишни қўллаб-қувватловчи кўп томонлама ривожланиш банки. ОТБ 1966-йилда ташкил этилган. Унинг акциядорлари 69 та давлатдан иборат бўлиб, уларнинг 50 таси минтақа давлатларидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пенсия ёшига етганлар учун энг яхши 10 та мамлакат номи эълон қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид