Ўзбекистон аҳолиси 2100 йилда 63 млнга етиши мумкин — иқтисодчи таҳлили

Бугун 19:012 дақиқа

БМТ прогнозларига нисбатан аҳоли сони 12 млн кишига кам бўлиши мумкин. Иқтисодчи Миркомил Холбоеев буни туғилиш даражаси тезроқ пасайиши ҳақидаги тахминлар билан изоҳлади.

Ўзбекистон аҳолиси 2100 йилда 63 млнга етиши мумкин — иқтисодчи таҳлили © Javhar Chorshanbiyeva

Иқтисодчи Миркомил Холбоев Ўзбекистон аҳолиси бўйича узоқ муддатли демографик прогнозларни таҳлил қилди. Унинг фикрича, туғилиш даражаси кутилгандан тезроқ пасайса, 2100 йилга бориб мамлакат аҳолиси БМТ прогнозларидан анча кам бўлиши мумкин.

Таҳлил учун Our World in Data интерактив платформасидан фойдаланилган. Унда фертиллик, миграция ва умр кўриш давомийлиги каби омиллар бўйича шахсий сценарийларни киритиш имкони мавжуд.

rasm



Миркомил Холбоев ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда фертиллик даражаси кейинги йилларда изчил пасайиб боради. БМТ 2030 йилда ҳар бир аёлга ўртача 3,2 нафар фарзанд тўғри келишини прогноз қилган бўлса, иқтисодчи бу кўрсаткич 2,7 атрофида шаклланишини тахмин қилмоқда.

Унинг сценарийсига кўра, 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 2,2 гача тушади. Аср охирига бориб эса ҳар бир аёлга ўртача 1,7 нафар фарзанд тўғри келиши мумкин. Бу БМТнинг расмий прогнозларидан анча паст кўрсаткич ҳисобланади.

Шу билан бирга, иқтисодчи аҳолининг умр кўриш давомийлиги аксинча, халқаро прогнозлардан юқорироқ бўлишини кутмоқда. Масалан, БМТ 2030 йилда Ўзбекистонда ўртача умр кўриш 73 ёш бўлишини баҳолаган. Аммо 2024 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 75 ёшдан ошгани қайд этилмоқда.

Таҳлилга кўра, 2030 йилда ўртача умр кўриш 77 ёшга, 2100 йилга бориб эса 85 ёшга етиши мумкин. Натижада, аҳоли сони ўсишда давом этса-да, туғилишнинг пасайиши умумий демографик суръатларни секинлаштиради.

Иқтисодчининг прогноз мувофиқ, 2100 йилга келиб Ўзбекистон аҳолиси 63 млн нафарни ташкил этади. Бу БМТ прогнозларидан тахминан 12 млн кишига кам бўлиб, ҳозирги аҳолининг деярли учдан бир қисмига тенг фарқни англатади.

Иқтисодчига кўра, прогнознинг БМТ ҳисоб-китобларига нисбатан пессимистик чиққани асосан туғилиш даражаси тезроқ пасайиши ҳақидаги тахминлар билан изоҳланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев яқин 15 йил учун аҳоли сони 38 млндан 50 млн нафарга етиши кутилаётганини айтган эди.

Теглар

Мавзуга оид