Ўзбекистон энг кўп қайси маҳсулотларни импорт қилгани маълум бўлди
2026 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистоннинг импорти ҳажми 12,2 млрд АҚШ долларини ташкил этган.
© majorcustoms2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистоннинг умумий импорт таркибидаги асосий улушни машиналар, транспорт ускуналари ва саноат товарлари ташкил қилган.
Импорт маҳсулотларининг асосий таркиби
Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ҳиссасига тўғри келди. Ушбу йўналишдаги импорт 4,1 млрд долларга етган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга ошган.
Саноат товарлари импорти 1,7 млрд долларга етди ва 14,2 фоизлик ўсиш қайд этилди. Кимёвий воситалар ҳамда шунга ўхшаш маҳсулотлар импорти эса 1,5 млрд доллар бўлиб, 21,5 фоизга кўпайган.
Импортда энг юқори ўсиш
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 1,4 млрд долларга етди. Бу йўналишда энг юқори ўсиш суръатларидан бири кузатилиб, импорт ҳажми 45,9 фоизга ошган.
Хизматлар импорти 1,2 млрд доллар, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорти ҳам 1,2 млрд доллардан ошди. Айниқса, ёқилғи маҳсулотлари импортида 64,4 фоизлик кескин ўсиш қайд этилди.
Шунингдек, турли хил тайёр буюмлар импорти 441,8 млн доллар, ноозиқ-овқат хомашёси импорти 288,9 млн доллар, ҳайвон ва ўсимлик мойлари импорти 158,1 млн долларга етди. Ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари импорти 71,3 млн доллар бўлди.
Импорти камайган мол гўшти
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга импорт қилинаётган мол гўшти ҳажми кетма-кет икки ой давомида камайган. 2026 йил апрел ойида Ўзбекистонга умумий қиймати 57 миллион долларлик 11,2 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Бу март ойига нисбатан сезиларли пасайишни кўрсатади.
Таққослаш учун, март ойида хориждан 61 миллион долларга 12,7 минг тонна, февраль ойида эса 67,4 миллион долларга 14,4 минг тонна мол гўшти олиб кирилган. Шундай қилиб, импорт ҳажми мартда 1,7 минг тоннага, апрелда эса яна 1,5 минг тоннага қисқарган.
Шу билан бирга, ички бозорда гўшт нархлари ўсишда давом этмоқда. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрель ойида суякли мол гўшти нархи бир ой ичида 3,2 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 16,6 фоизни ташкил этган.
Суяксиз мол гўшти ҳам ойлик ҳисобда 3,2 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 17,3 фоизга қимматлашган. Қўй гўшти нархи апрел ойида 3,7 фоизга, йиллик ҳисобда эса 20,3 фоизга ошган.





