Ўзбекистон кетма-кет бешинчи ой олтин сотмади

Мамлакат рекорд даражадаги нархлар ҳам олтин сотувини амалга оширмади. Бунинг оқибатида экспорт қарийб тўртинчи бирга камайиб кетди.

Ўзбекистон кетма-кет бешинчи ой олтин сотмади

2026-йилнинг январ–февраль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 11,6 млрд долларни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 767,4 млн долларга ёки 7,1 фоизга кўпроқ.

Ташқи савдода экспорт 3,5 млрд доллар бўлиб, ўтган йилга нисбатан 23,4 фоизга камайиб кетди. Импорт эса 29,8 фоизга ўсиб, 8,1 млрд долларга етди. Салбий савдо баланси 4,5 млрд долларни ташкил қилди.

Хитой асосий савдо ҳамкори

Икки ой ичида Хитой (27,5 фоиз) билан ташқи савдо айланмаси 3,2 млрд долларга етди. Мамлакат бу доирада катта фарқ билан биринчи ўринни сақлаб турибди.

Кейинги ўринда 2,1 млрд доллар билан Россия (18,3 фоиз), учинчи ўринда эса 837,5 млн доллар билан Қозоғистон (7,2 фоиз) бормоқда.

Асосий савдо ҳамкорлари орасида 2025-йилга нисбатан Туркия ва Германия билан Ўзбекистоннинг ташқи савдосида пасайиш кузатилган.

Яна олтин сотилмади

Экспортнинг қарийб тўртинчи бирга камайиб кетишига қимматбаҳо металл сотуви тўхтагани сабаб бўлди.

Февраль ойида ҳам Ўзбекистон олтин сотувини амалга оширмади. Бу ҳолат кетма-кет беш ойдан бери давом этмоқда.

Ўтган ойда олтин нархи нисбатан юқори шаклланганди. Ой бошида нарх унцияси 4 600 долларгача пасайиб кетган бўлса-да, кейинчалик 5 300 доллардан ошганди. Мартда эса олтин нархи сезиларли тушиб кетди — 4 100 долларгача.

Ҳозирда нарх 4 500–4 600 доллар атрофида бўлиб турибди. Агарда йил давомида нархлар шу кўринишда сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон олтин сотуви учун қулай вазиятни ўтказиб юборган бўлади.

Теглар

Мавзуга оид