add

Ўзбекистон олийгоҳларида бизнес-таълимга AMBA аккредитацияси жорий қилинади

29.11.2025 | 20:182112 дақиқа

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги делегацияси Лондонда ўтказган музокараларда Ўзбекистон ОТМлари бизнес-таълим дастурларини AMBA халқаро стандартлари асосида баҳолаш ва аккредитациядан ўтказиш бўйича муҳим келишувга эришилди.

Ўзбекистон олийгоҳларида бизнес-таълимга AMBA аккредитацияси жорий қилинади

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги делегациясининг Лондонга амалга оширган ташрифи Ўзбекистон олий таълим тизимида бизнес-таълим дастурларини халқаро мезонлар асосида баҳолаш йўналишида янги босқични бошлаб берди. Сафар давомида мамлакат ОТМлари учун AMBA халқаро аккредитациясини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур келишув бизнес-таълимни глобал талабларга мослаштириш ва битирувчилар рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси Лондонда ўтган «Going Global» халқаро конференциясида иштирок этди. «Education for Transformation» мавзусида ўтган анжуманда 80 дан зиёд давлатдан вазирликлар, агентликлар ва университетлар вакиллари таълимни бошқариш, халқаро шерикликлар ва трансмиллий таълим сифатини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон томони бу йўналишлардаги тажриба ва янгиланишларга оид таклифлари билан иштирок этди.

Сафар давомида Таълим сифати агентлиги вакиллари AMBA & BGA, QAA, Ofqual ҳамда Cambridge University Press & Assessment каби етакчи ташкилотлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, AMBA & BGA бош ижрочи директори Эндрю Мэйн Уилсон билан мулоқотда Ўзбекистон ОТМларида бизнес-таълим дастурларини AMBA стандартлари асосида аккредитациядан ўтказиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди. Унда ўқув дастурларини баҳолаш мезонлари, кадрлар малакасини ошириш ва халқаро индикаторларни миллий тизимга интеграция қилиш масалалари муҳокама этилди.

Учрашувлар якунида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда AMBA & BGA ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга кўра, AMBA Ўзбекистонда халқаро аккредитация агентлиги сифатида расман тан олинади. Шунингдек, унинг кўмагида тренинглар, вебинарлар ва эксперт алмашинуви дастурлари йўлга қўйилади.

Теглар

Мавзуга оид