Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистондаги қурилишлар ўртасидаги ўхшашлик ҳамда фарқлар нимада?

Бугун 14:356 дақиқа

Ўзбекистонда жорий йил январь–июнь ойларида жами 192 триллион сўмлик ёки 16,1 миллиард долларлик қурилиш ишлари бажарилган. Қозоғистонда эса қурилиш ҳажми 4,1 триллион тенге ёки 8,6 миллиард долларга етган.

Ўзбекистон ва Қозоғистондаги қурилишлар ўртасидаги ўхшашлик ҳамда фарқлар нимада? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Қурилиш — Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг асосий драйверларидан бири ҳисобланади. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ушбу соҳанинг ЯИМдаги улуши 7,3 фоизни, Қозоғистонда эса 6,2 фоизни ташкил қилган. Икки давлатда қурилиш соҳасининг ривожланиши кўп жиҳатдан ўхшаш, бироқ сезиларли фарқларга ҳам эга. «Ranking.kz» Миллий статистика қўмиталари маълумотлари асосида уй-жой ва нотурар жой қурилишининг асосий кўрсаткичларини таққослади.

Уй-жой қурилишида Қозоғистон ҳажм бўйича устун

Нашрнинг ёзишича, фойдаланишга топширилган уй-жой ҳажми кўрсаткичларига қараганда, Қозоғистонда кўпроқ тураржой бинолари қурилмоқда. Бу фарқ бир неча йилдан бери давом этмоқда. Агар 2020-йилда фарқ 2,4 миллион квадрат метрни ташкил қилган бўлса (Қозоғистонда 15,3 миллион кв.м, Ўзбекистонда 12,9 миллион кв.м), 2024-йилга келиб бу тафовут 4,3 миллион квадрат метргача ошган. 2025-йилда Қозоғистон бозори ўз устунлигини янада ошириб, фарқ 4,4 миллион квадрат метрга етган. 2026-йилнинг биринчи ярми якунига кўра, Қозоғистонда 8,5 миллион, Ўзбекистонда эса 7,7 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган.

Икки давлатнинг демографик хусусиятлари ва янги уй-жойга бўлган эҳтиёжи турлича бўлгани сабабли, кўрсаткич аҳоли сонига нисбатан ҳам кўриб чиқилган. Жорий йилнинг январь–июнь ойларида Қозоғистонда фойдаланишга топширилган уй-жой ҳажми ҳар 1000 кишига 412,2 квадрат метрни ташкил қилган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич икки баробар кам бўлиб, ҳар 1000 кишига 200,7 квадрат метрга тенг бўлган.

Бироқ уй-жой қурилиши суръатлари бўйича Ўзбекистон ўтган йилдан бошлаб Қозоғистондан ўзиб кетган. Уч йиллик пасайишдан сўнг, 2025-йилда Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ҳажми 7,2 фоизга ошган. 2026-йилнинг биринчи ярмида ҳам ўсиш 7,2 фоизни ташкил этган ва бу Қозоғистондаги шу даврдаги кўрсаткичдан (6,7 фоиз) юқори бўлган. Бироқ Қозоғистон учун бу энг юқори натижа эмас. Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда энг юқори кўрсаткич 2020-йилда қайд этилган — 16,8 фоиз. Кейинги йилларда эса бу кўрсаткич кескин ўзгариб турган.

Мутлақ ҳажмлар ва уларнинг ўсиш суръатларини таққослаш икки давлат қурилиш бозорлари ривожланиш босқичлари турлича эканини кўрсатади. Қозоғистонда уй-жой қурилиши ҳажми дастлабдан юқори бўлгани сабабли ўсиш кўпроқ барқарор ва секин характерга эга. Ўзбекистонда эса ҳажмлар кичикроқ бўлса-да, уларнинг ўсиш суръатлари юқори бўлиб қолмоқда, бу эса фаол ривожланаётган бозорлар учун хосдир.

1


Ўзбекистонда қурилиш бозори ҳажми каттароқ, ўсиш суръати юқори

Агар қурилиш секторининг умумий кўрсаткичлари кўриб чиқилса, икки давлатни аввало бажарилган қурилиш ишлари ҳажмининг физик индекси бўйича таққослаш мумкин. Сўнгги бир неча йил давомида ушбу кўрсаткич Қозоғистонда барқарор равишда юқори бўлган. 2021-йилдаги пандемия инқирозидан кейин Қозоғистонда қурилиш ишлари суръати 2025-йилгача мунтазам ошиб борган: қурилиш ишлари физик ҳажми индекси 108,3 фоиздан 117,5 фоизгача кўтарилган. Ўзбекистонда ҳам вазият шунга ўхшаш бўлган: 2021 ва 2022-йиллардаги пандемия давридаги кўрсаткичлардан (мос равишда 106,8 фоиз ва 106,6 фоиз) сўнг, сектор индекси 2025-йилда 114,2 фоизга етган.

2026-йилнинг биринчи ярмида икки давлатдаги вазият фарқ қилган. Қозоғистонда 2025-йилнинг биринчи ярмига нисбатан қурилиш ишлари физик ҳажми индекси 118,4 фоиздан 115,2 фоизга камайган. Ўзбекистонда эса аксинча, кўрсаткич 3 фоиз пунктга ошиб, 113,8 фоизга етган.

Қиймат кўрсаткичлари миллий валюталарда берилган. Фақат 2026-йилнинг биринчи ярми бўйича маълумотларни АҚШ долларига айлантириб таққослаймиз. Фарқ қарийб икки баробарни ташкил қилади: Ўзбекистонда жорий йил январь–июнь ойларида жами 192 триллион сўмлик ёки 16,1 миллиард долларлик қурилиш ишлари бажарилган. Қозоғистонда эса қурилиш ҳажми 4,1 триллион тенге ёки 8,6 миллиард долларга етган. Бошқача айтганда, Ўзбекистондаги қурилиш бозори ҳажми Қозоғистонга қараганда деярли икки баробар катта.

Шу билан бирга, Қозоғистонда фойдаланишга топширилган уй-жой майдони сезиларли даражада кўпроқ эканини ҳисобга олсак, икки давлат қурилиш соҳаларининг тузилмаси анча фарқ қилади. Статистик маълумотларни тақдим этиш шакллари турлича бўлгани сабабли Қозоғистон ва Ўзбекистон қурилиш секторларининг тузилмасини тўғридан-тўғри таққослаб бўлмайди. Шу сабабли манбаларда келтирилган кўрсаткичлар ўз ҳолича тақдим этилган.

Қозоғистон қурилиш соҳаси таркиби:

тураржой бинолари — 1,7 триллион тенге, улуши — 15,7 фоиз;
нотурар жой бинолари — 3,3 триллион тенге, улуши — 31 фоиз;
иншоотлар — 5,7 триллион тенге, улуши — 53,3 фоиз.

Ўзбекистон қурилиш соҳаси таркиби:

бино ва иншоотлар — 218 триллион сўм, улуши — 69,7 фоиз;
фуқаролик мақсадидаги объектлар — 64,9 триллион сўм, улуши — 20,7 фоиз;
махсус қурилиш ишлари — 30,2 триллион сўм, улуши — 9,6 фоиз.

2


Икки давлат қурилиш бозорлари ҳажмидаги фарқни асосий капиталга киритилган инвестициялар кўрсаткичи орқали ҳам кўриш мумкин. 2025-йилги ўртача курс бўйича ҳисобланганда, Ўзбекистонда ўтган йили айнан қурилиш соҳасига (иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги қурилиш ишлари ҳисобга олинмаган ҳолда) 42,2 триллион сўм ёки 3,4 миллиард доллар инвестиция киритилган. Қозоғистонда эса ўтган йил қурилиш соҳасидаги капитал қўйилмалар ҳажми 150,5 миллиард тенге ёки 311,2 миллион долларни ташкил қилган.

Икки давлатда қурилишга киритилаётган инвестициялар динамикаси ҳам фарқ қилади. Ўзбекистонда 2020 ва 2024-йилларда капитал қўйилмалар ҳажми кескин ошган, айрим даврларда деярли икки баробар кўпайган. Умуман олганда, ушбу кўрсаткич сўнгги йилларда барқарор ўсиш тенденциясини кўрсатган. Қозоғистонда эса вазият бироз бошқача. Кўп йиллик маълумотларга кўра, қурилиш соҳасига энг катта асосий капитал инвестицияси 2022-йилда қайд этилган: 223,2 миллиард тенге. Шундан сўнг кескин пасайиш кузатилиб, 129,4 миллиард тенгега тушган. 2024 ва 2025-йилларда ўсиш бўлган, бироқ маблағлар 2022-йилдаги рекорд даражага етмаган.

3


Қурилиш бозорида кичик компаниялар улуши ортиб бормоқда

Икки давлат статистика идоралари қурилиш корхоналарининг ҳажми бўйича ҳам маълумот беради. Бу йирик компаниялар ва кичик пудратчилар улушини таққослаш имконини беради. Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам энг катта ҳажм кичик қурилиш компанияларига тўғри келади. Фарқи шундаки, Қозоғистонда кичик қурилиш ташкилотларининг улуши сўнгги уч йил давомида изчил ошган: 2023-йилдаги 51 фоиздан 2025-йилда 61,1 фоизгача етган. Ўзбекистонда эса кичик корхоналар ва микрофирмалар улуши 2022-йилдан бошлаб аксинча камайган: 52,6 фоиздан 47,7 фоизгача тушган.

Ўзбекистонда йирик пудратчилар улуши сезиларли ўзгармаган, 21 фоиздан 28,5 фоизгача бўлган оралиқда қолган ва ўтган йил 26,4 фоизни ташкил қилган. Қозоғистонда эса йирик пудратчилар улуши 33,4 фоиздан 17,1 фоизгача камайган. Бунга бизнесларнинг бўлиниши сабаб бўлиши мумкин: ўрта корхоналар улуши 16 фоиздан 21,8 фоизгача ошган. Шуни таъкидлаш керакки, йирик пудратчиларнинг расмий ҳажм ва улуш кўрсаткичлари ҳар доим ҳам бозорнинг аниқ манзарасини бермаслиги мумкин. Чунки кўплаб қурилиш корпорацияларининг ўнлаб ўрта ва кичик шўъба корхоналари мавжуд бўлади ва бундай ҳолатларда уларнинг ҳажмлари статистикада бошқа тоифаларга кириб кетади.

Икки давлат маълумотлари ўртасидаги яна бир фарқ шундаки, Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси яширин сектор томонидан амалга оширилаётган қурилиш ҳажмларини ҳам ҳисобга олади. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистонда норасмий қурилиш бозорининг улуши 25,8 фоизни ташкил қилган. Қозоғистонда эса бундай маълумотлар эълон қилинмаган.

4


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган «New Port» тураржой мажмуасидаги 9 та блокнинг 6 тасида қурилиш-монтаж ишлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмасдан амалга оширилгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид