Logo

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 20 йилда 520 доллардан 3,7 минг долларга етди

Бироқ мамлакат ҳали ҳам даромади ўртачадан паст мамлакатлар гуруҳида қолмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 20 йилда 520 доллардан 3,7 минг долларга етди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2025 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад (ЯМД) 3,7 минг долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ва Туркманистондан кейин учинчи ўринни эгаллади. Маълумотлар Жаҳон банки ҳисоб-китобларига таянган ҳолда «Ranking.kz» томонидан таҳлил қилинган.

Жаҳон банки мамлакатларни аҳоли жон бошига ЯМД ҳажмига қараб тўртта даромад гуруҳига ажратади. 2026 йил 1 июлдан 2027 йил 30 июнгача амал қиладиган таснифда 2025 йил маълумотлари қўлланилган. Бунда ЯМД аҳоли ўртасидаги ўртача иш ҳақи ёки фуқароларнинг қўлига оладиган реал даромад эмас. Кўрсаткич Жаҳон банкининг Atlas усули асосида ҳисобланади.

Atlas усули миллий валюта курсларининг қисқа муддатли кескин ўзгаришлари таъсирини юмшатишга хизмат қилади. Ҳисоб-китобда жорий йил ва ундан олдинги икки йилдаги валюта курслари, шунингдек, ички ва халқаро инфляция ўртасидаги фарқ инобатга олинади. Кейин ЯМД долларда ифодаланиб, йил ўртасидаги аҳоли сонига бўлинади.

Марказий Осиёда Ўзбекистон учинчи ўринда

2025 йил натижаларiga кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида аҳоли жон бошига ЯМД бўйича Қозоғистон биринчи ўринда — 13,7 минг доллар. Туркманистонда бу кўрсаткич 6,3 минг, Ўзбекистонда 3,7 минг, Қирғизистонда 2,8 минг ва Тожикистонда 2,1 минг долларни ташкил этган.

Жаҳон банкининг амалдаги таснифига кўра, аҳоли жон бошига ЯМД 1 175 доллардан ошмаган иқтисодиётлар даромади паст давлатлар қаторига киради. 1 176–4 635 доллар оралиғи — даромади ўртачадан паст, 4 636–14 375 доллар — ўртачадан юқори даромадли, 14 375 доллардан юқори кўрсаткич эса юқори даромадли гуруҳга тўғри келади.

Шу асосда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳозирча даромади ўртачадан паст давлатлар гуруҳида. Қозоғистон ва Туркманистон эса ўртачадан юқори даромадли мамлакатлар қаторида.

Қозоғистоннинг кўрсаткичи юқори даромадли давлатлар чегарасига ҳам анча яқинлашган. 2025 йилда у 13,7 минг долларни ташкил этган ва амалдаги 14 375 долларлик чегарадан 635 доллар паст бўлган. Бироқ Жаҳон банки даромад чегараларини ҳар йили халқаро инфляцияни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқади. Шу сабабли муайян кўрсаткичга эришишнинг ўзи мамлакат автоматик равишда кейинги гуруҳга ўтишини англатмайди.

Ўзбекистонда кўрсаткич 20 йилда 7 баробар ўсган

Таҳлилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги узоқ муддатли динамикага ҳам эътибор қаратилган. 2005 йилда аҳоли жон бошига ЯМД Қозоғистонда 2,8 минг, Ўзбекистонда эса 520 доллар бўлган. 2025 йилга келиб мазкур кўрсаткич Қозоғистонда 5 баробар, Ўзбекистонда эса 7 баробар ошган.

Сўнгги беш йилда ҳам Ўзбекистонда ўсиш суръати юқорироқ бўлган: 2020 йилга нисбатан ЯМД аҳоли жон бошига Қозоғистонда 64 фоизга, Ўзбекистонда 75,6 фоизга ошган. 2025 йилнинг ўзида эса ўсиш суръати мос равишда 13,6 ва 15,8 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги абсолют фарқ 2025 йилда қисқармаган. Аксинча, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тафовут 2024 йилдаги 8,9 минг доллардан 2025 йилда 10,1 минг долларга етган. Бу Қозоғистонда ЯМДнинг аҳоли жон бошига ҳисобидаги мутлақ қиймат ҳануз анча юқори эканини кўрсатади.

Жаҳон банки таснифига кўра, 2005 йилда Марказий Осиёнинг беш давлати орасида Қозоғистон ва Туркманистон даромади ўртачадан паст, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон эса даромади паст давлатлар гуруҳида бўлган. 2025 йилга келиб бешаласи ҳам бир босқич юқорига кўтарилган: Қозоғистон ва Туркманистон — ўртачадан юқори, қолган уч давлат эса ўртачадан паст даромадли гуруҳга ўтган.

Жаҳон банкининг таъкидлашича, мамлакатларнинг даромад гуруҳлари иқтисодиётларни таққослаш учун қўлланадиган статистик тасниф бўлиб, у аҳоли фаровонлигининг барча жиҳатларини акс эттирмайди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 20 йилда 520 доллардан 3,7 минг долларга етди | Vaqt.uz