Ўзбекистонда алиментнинг ҳисоб-китоб миқдори ошди

Бугун 17:171 дақиқа

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичи ошгани ортидан расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролар учун алимент ҳисоблаш миқдори ҳам кўпайди. Янги ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар бола учун тахминий алимент 1,7 миллион сўмга етди.

Ўзбекистонда алиментнинг ҳисоб-китоб миқдори ошди

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 140-моддасига мувофиқ, агар алимент тўловчи шахс ишламаса ёки унинг даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, қарздорлик мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, алимент тўловчиларнинг 61 фоизи доимий иш жойига ёки расмий даромад манбаига эга эмас. Шу сабабли ўртача иш ҳақидаги ўзгариш мазкур тоифадаги фуқароларга бевосита таъсир кўрсатмоқда.

2026 йил 28 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,8 миллион сўмдан ошди. Натижада расмий даромадга эга бўлмаган алимент тўловчилар учун ҳисобланадиган тўлов миқдорлари ҳам автоматик тарзда қайта кўриб чиқилди.

Янги ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар бола учун алимент тахминан 1,7 миллион сўмни ташкил этади. Икки нафар бола учун бу кўрсаткич 2,3 миллион сўм атрофида, уч ва ундан ортиқ бола учун эса 3,4 миллион сўмга яқинлашган.

Мутахассислар фикрича, ушбу тартиб болалар таъминотини яхшилаш ва алимент ундириш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган. Қайта ҳисоб-китоб амалдаги қонунчилик талаблари асосида автоматик тарзда амалга оширилади ва бунинг учун алимент олувчилардан қўшимча мурожаат талаб этилмайди.

Теглар

Мавзуга оид