
Ўзбекистонда асосий капиталга инвестициялар 15,2 фоизга ошди
2025 йилнинг январ–сентабр ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга 443,6 трлн сўмлик инвестициялар йўналтирилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,2 фоизга кўп.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 443,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,2 фоиз кўпдир. Биринчи ярим йилликда ўсиш суръати фақат 5,5 фоизни ташкил этган бўлса, учинчи чоракда фаоллик хусусий ва хорижий сармоя ҳисобига кескин ошди.
Шу билан бирга, 2024 йилдаги 39 фоизлик юқори ўсишдан кейин мамлакат инвестиция сектори нормал барқарор ўсиш траекториясига қайтмоқда. Мутахассислар буни эҳтиёткор бюджет сиёсати ва давлат харажатларини оптималлаштириш билан изоҳламоқда.
Марказлаштирилган манбалар — давлат бюджети ва давлат дастурлари маблағлари — 11,9 фоизга кўпайиб, 43,4 трлн сўмга етди. Бироқ уларнинг умумий инвестициялар таркибидаги улуши 10,1 фоиздан 9,7 фоизга пасайган. Бу давлатнинг инфратузилмавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан бир вақтда бюджет юкини камайтиришга интилаётганини кўрсатади.
Асосий ўсиш омили сифатида марказлаштирилмаган манбалар — яъни корпоратив маблағлар, банк кредитлари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қолмоқда. Уларнинг ҳажми 15,6 фоизга ўсиб, 400,2 трлн сўмни ташкил этди.
Тармоқлар кесимида энг кўп сармоя ишлаб чиқариш саноатига тўғри келмоқда — умумий инвестицияларнинг 27,3 фоизи. Машинасозлик ва кимё соҳаларида талаб юқори бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, тоғ-кон саноати улуши 13,2 фоиздан 9,9 фоизга тушди. Энергетика соҳаси умумий сармояларнинг 14 фоизини ташкил этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида инвестициялар улуши икки баробарга яқин ошиб, 8,8 фоизга етди. Бу соҳада қайта ишлаш корхоналари модернизацияси ва сув тежовчи технологиялар жорий этилиши фаол кечмоқда. Шу билан бирга, уй-жой қурилишидаги сармоялар улуши 5,2 фоиздан 7,2 фоизга кўтарилган.
Йилнинг биринчи тўққиз ойида мамлакатга 34,5 млрд долларлик хорижий инвестициялар ва кредитлар кириб келди, шундан 24,9 млрд доллари асосий капиталга йўналтирилди. Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,5 баробарга ўсиб, 14,4 млрд долларни ташкил этди.





