
Ўзбекистонда автомобил таъмирлаш хизматлари бир йилда 7,8 фоизга қимматлади
Ноябр ойида шахсий транспортга хизмат кўрсатиш нархлари ўсиб, йиллик қимматлашиш динамикаси автомобил соҳасидаги талаб кўпаётганини кўрсатмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил ноябр ойида шахсий автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари нархлари октябр ойига нисбатан ўртача 0,7 фоизга ошди.
Қайд этилишича, 2025 йил бошидан бери ушбу хизматлар нархи 6,9 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 7,8 фоизга ошган. Бу кўрсаткичлар автомобилга хизмат кўрсатиш сегментида бевосита харажатлар ўсиши, эҳтиёт қисмларнинг қимматлашиши ва ишчи кучи нархининг кўтарилиши билан изоҳланиши мумкин.
Аввалроқ 2025 йил ноябр ойида автомобил тўхташ жойлари хизматлари нархлари октябр ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача 2,8 фоизга қимматлашгани маълум бўлганди.
Яъни, ноябр ойида барча хизматлар нархлари ўртача 0,3 фоизга ошган. Бу автомобил тўхташ жойлари нархи умумий хизмат бозоридаги ўртача нархдан 2,5 фоиз кўпроққа қимматлаганини кўрсатади.





