add

Ўзбекистонда банк кредитларининг 36 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келмоқда

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тижорат банклари кредит портфели 582,2 трлн сўмга етди. Жисмоний шахсларга берилган кредитлар улуши 36 фоизни ташкил этди ва йил давомида 23 фоизга ошди.

Ўзбекистонда банк кредитларининг 36 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келмоқда

Марказий банк маълумотларига кўра,  2025 йил 1 октябр ҳолатига кредит портфели 582,2 трлн сўмга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир.

Кредитлар тузилишида энг катта улуш жисмоний шахсларга тўғри келади — 208,6 трлн сўм. Бу умумий портфелнинг 36 фоизни ташкил этади ва ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўп. Банклар аҳоли учун истеъмол, уй-жой ва таълим кредитлари бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Саноат секторидаги кредитлар ҳажми 146,3 трлн сўмни ташкил этди (портфелнинг 25 фоизи), бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1 фоизга камайган. Қишлоқ хўжалигида эса 59,4 трлн сўм миқдорида кредит ажратилган — бу 14 фоиз ўсиш бўлиб, умумий улуш 10 фоиз даражасида сақланиб қолди.

Қурилиш соҳасида кредит ҳажми кескин ошган — 17,2 трлн сўм, яъни 3 фоиз улуш билан ўтган йилга нисбатан 33 фоиз ўсиш қайд этилган. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига 40,9 трлн сўм миқдорида кредит ажратилган, бу 7 фоиз улуш ва 18 фоиз йиллик ўсишни кўрсатади.

Транспорт ва коммуникациялар соҳасида эса пасайиш кузатилган — кредитлар ҳажми 32,5 трлн сўмни ташкил этиб, портфелнинг 6 фоизини эгалламоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 6 фоизга кам. Моддий-техника таъминоти соҳасида кредитлар 21 фоизга ошиб, 4,5 трлн сўмга етган, уй-жой-коммунал хизматларда эса 1,8 трлн сўмгача камайган (–21 фоиз).

Қолган иқтисодий тармоқлардаги кредитлар 71 трлн сўмга етди, бу 12 фоиз улуш ва 23 фоиз йиллик ўсишни англатади. Марказий банк таҳлилларига кўра, кредит фаолиятидаги ўсиш иқтисодиётдаги ички талаб ва хусусий сектор фаоллигининг ортиши билан изоҳланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда банк кредитларининг 36 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келмоқда | Vaqt.uz