Logo

Ўзбекистонда иситиш тарифлари ҳар йили 10 фоизгача оширилиши мумкин

14.10.2026 | 13:152 дақиқа

2028-йилдан иситиш тарифларини ҳар йили инфляцияга қараб индексация қилиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда иситиш тарифлари ҳар йили 10 фоизгача оширилиши мумкин © smartpress.by

Ўзбекистонда 2028-йилдан марказлашган иссиқлик таъминоти тарифларини инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили ошириш таклиф этилмоқда. Бу Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, тарифлар ҳар йили 1-майдан бошлаб индексация қилинади. Бунда йиллик ўсиш миқдори 10 фоиздан ошмаслиги керак. Тарифларни қайта кўриб чиқиш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифлари асос бўлади.

Шу билан бирга, лойиҳада 2026-йил 1-ноябрдан иситиш ва иссиқ сув тарифларини алоҳида ошириш ҳам таклиф қилинган. Жумладан, Тошкент шаҳрида ушбу хизматлар нархини қарийб 30 фоизга кўтариш кўзда тутилган.

Тарифлар пасайиши мумкинми?

Лойиҳада иссиқлик энергияси истеъмоли меъёрларини қайта кўриб чиқиш ҳам назарда тутилган. «Иссиқликтаъминоти» АЖ ва тегишли ташкилотлар амалдаги меъёрларни икки ой ичида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ янгилаши керак бўлади.

Агар қайта кўриб чиқиш натижасида иссиқлик истеъмоли меъёрлари камайтирилса, тегишли ҳудуддаги барча маиший истеъмолчилар учун амалдаги тарифлар бир вақтнинг ўзида пасайтирилиши таклиф қилинмоқда. Меъёрлар оширилган тақдирда эса тарифлар янги кўрсаткичлар қайта тасдиқлангунига қадар ўзгаришсиз қолади.

Бундан ташқари, ҳукумат иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш таннархини 15 фоизгача камайтириш чораларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, 2027 йил охиригача мамлакатдаги иссиқлик таъминоти тизимлари тўлиқ техник аудитдан ўтказилиши режалаштирилган. Унинг натижалари асосида тармоқларни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш дастури ишлаб чиқилади.

«Иссиқликтаъминоти» АЖ корпоратив бошқарувини такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, компания кузатув кенгашида мустақил аъзолар улушини 75 фоизга етказиш, замонавий биллинг тизимини жорий этиш ва халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисобот тайёрлаш таклиф қилинган.

Шунингдек, 2027-йил якунига қадар иссиқлик тармоқларидаги йўқотишларни 25 фоизга камайтириш мақсад қилинган. 1-майгача эса соҳани 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 1-июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгарганди. Ҳукуматнинг 2025-йилги қарорида ҳар йили 1-майдан электр ва табиий газ нархлари 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда иситиш тарифлари ҳар йили 10 фоизгача оширилиши мумкин | Vaqt.uz