
Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ошди – Миллий статистика қўмитаси
2025 йилнинг 9 ойи мобайнида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ўсди.

Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 166,9 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ўсди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 10 млн 379,6 минг сўм билан Тошкент шаҳрига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,7 фоизга ўсган. Шунингдек, бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 4 млн 853,3 минг сўм, Наманган вилоятида 4 млн 543,8 минг сўм, Сирдарё вилоятида 4 млн 930,8 минг сўм, Фарғона вилоятида 4 млн 574,5 минг сўм ва Жиззах вилоятида 4 млн 589 минг сўмни ташкил қилди.
Қашқадарё вилоятида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 4 млн 270,8 минг сўм бўлиб, бошқа ҳудудларга нисбатан пастроқ эканлиги кузатилди.
Шу жумладан, иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 2025 йилнинг 3-чорагида банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида иш ҳақи миқдори 16 млн 828,9 минг сўмни ташкил этиб, сўнгги беш йил ичида 9 млн 92 минг сўмга ошганлиги кузатилди.
Шунингдек, таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн 188,5 минг сўмни ташкил этди. Хусусан, ўртача ойлик иш ҳақи олий таълим соҳасида 9 млн 513,3 минг сўмни, техник ва профессионал таълим соҳасида 4 млн 259,7 минг сўмни, умумий ўрта таълим соҳасида 4 млн 136,7 минг сўмни, мактабгача таълим соҳасида эса 2 млн 771,5 минг сўмни ташкил қилган.
Бундан ташқари, ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 14 млн 985,8 минг сўмни ташкил этди. Жумладан, ўртача ойлик иш ҳақи компютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар соҳасида 19 млн 995,7 минг сўм, ахборот хизмати кўрсатиш соҳасида 18 млн 642,9 минг сўм ҳамда алоқа соҳасида 11 млн 758,6 минг сўм эканлиги маълум бўлди.
Маълумот ўрнида, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2024 йилда 5 млн 172,1 минг сўмни, 2023 йилда 4 млн 424,2 минг сўмни ташкил этган.





