Logo

Ўзбекистонда қайси ҳудудда кўпроқ янги бизнеслар очилди?

Бугун 16:271 дақиқа

Пойтахтда янги тадбиркорлик субъектлари сони бўйича энг яқин ҳудуд — Тошкент вилоятидан икки баравардан кўпроқ рақамлар қайд этилган.

Ўзбекистонда қайси ҳудудда кўпроқ янги бизнеслар очилди?

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йил январ–октябр ойларида Ўзбекистонда 73 минг 581 та янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган.

Ушбу рақамлар 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 4 минг 101 тага ёки 5,9 фоизга кўп. Ҳисоб-китобда деҳқон ва фермер хўжаликлари инобатга олинмаган.

Янги бизнес очиш бўйича ҳудудлар орасида Тошкент катта фарқ билан олдинда. Пойтахтда 16 минг 611 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Бу мамлакат бўйича умумий кўрсаткичнинг қарийб 22,6 фоизини ташкил қилади.

Тошкент вилояти 7 минг 894 та янги тадбиркорлик субъекти билан иккинчи ўринни эгаллаган. Учинчи ўринда 6 минг 534 та кўрсаткич билан Хоразм, тўртинчи ўринда 5 минг 827 та билан Самарқанд, бешинчи ўринда эса 5 минг 324 та билан Фарғона жойлашган.

Қашқадарё 4 минг 646 та билан олтинчи, Сурхондарё 4 минг 109 та билан еттинчи ўринни эгаллаган. Андижон 3 минг 845 та билан саккизинчи, Жиззах эса 3 минг 837 та билан тўққизинчи ўриндан жой олган. Қизиғи, бу икки ҳудуддаги кўрсаткичлар ўртасида атиги 8 та фарқ бор.

Бухоро 3 минг 708 та билан ўнинчи, Наманган 3 минг 678 та билан ўн биринчи, Қорақалпоғистон эса 3 минг 335 та билан ўн иккинчи ўринда қайд этилган.

Навоий 2 минг 290 та билан ўн учинчи, Сирдарё эса 1 минг 943 та янги тадбиркорлик субъекти билан ўн тўртинчи ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги савдо корхоналарининг ҳудудлар кесимидаги сони эълон қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид