Logo

Ўзбекистонда резидент авиакомпаниялар учун солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади

Бугун 15:272 дақиқа

Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга олиш мажбуриятини олган авиакомпаниялар учун алоҳида енгилликлар берилади. Улар жалб қилган хорижлик мутахассисларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бундай мутахассисларга рухсатнома бериш учун йиғим миқдори 30 баравар камайтирилади.

Ўзбекистонда резидент авиакомпаниялар учун солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Президент Шавкат Мирзиёев резидент авиакомпаниялар учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар жорий этилишини айтди.

2027-йилдан авиёёқилғи нархи жаҳондаги ўртача нархга боғланган ҳолда шакллантирилади. Авияёқилғи акциз солиғидан озод этилиб, қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси қўлланилади. Эҳтиёт қисмлар учун божхона божи бўйича имтиёз 2040-йилгача узайтирилади. Ҳаво кемалари, двигателлар ва агрегатлар ижарасига ҳам қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси татбиқ этилади.

Мутасаддиларга резидент авиакомпанияларга эҳтиёт қисмлар импорти бўйича қўшилган қиймат солиғини бир кунда қайтариш тизимини йўлга қўйиш топширилди. Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга олиш мажбуриятини олган авиакомпаниялар учун алоҳида енгилликлар берилади. Улар жалб қилган хорижлик мутахассисларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бундай мутахассисларга рухсатнома бериш учун йиғим миқдори 30 баравар камайтирилади.

Яратилаётган шароитлар ҳисобига ҳаво кемаларининг сонини келгуси йилда 150 тага, 2030-йилга қадар камида 250 тага етказиш вазифаси қўйилди.

Халқаро аэропортларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида улар 2030-йилгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилади. Бунда тежалган маблағларни аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш шарт бўлади.

Президент Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бунинг учун Янги Тошкент ҳудудидан 20 гектар ер ажратилади. Университет ҳудудида замонавий кампус, ўқув-симуляция ва илмий-тадқиқот марказлари жойлашади.

Президент матбуот котибининг ёзишича, сўнгги йилларда мамлакатда 11 та халқаро аэропорт замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган. Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Арнасой, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўхдаги аэропортлар тикланиб, аэропортлар сони 18 тага етди. Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган аэропортлари хусусий шериклик асосида инвесторларга ишончли бошқарувга берилди.

Жорий йилда авиация орқали йўловчи ташиш ҳажми 17 миллион нафарни ташкил этади, яқин йилларда мазкур кўрсаткични 25 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган. Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея компаниялари билан ҳамкорликда 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда. Ушбу аэропортга туташ 800 гектар майдонда 5 миллиард долларлик «Aerocity» лойиҳаси амалга оширилади. Унда логистика ва электрон тижорат марказлари, нуфузли брендлар, замонавий меҳмонхоналар ва тураржойларни қамраб олган яхлит экотизим яратилади.

Мутасаддиларга 2027-йилнинг 1-июлигача ҳудуднинг мастер-режасини якунлаб, маҳаллий ва хорижлик инвесторларга тақдим этиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 300 млн долларлик янги аэропорт қурилиши айтилганди.

Теглар

Мавзуга оид