add

Ўзбекистонда солиқлар: 2026 йилда нималар ўзгаради?

05.01.2026 | 19:185 дақиқа

2026 йилда Ўзбекистонда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилди. Бироқ, солиқ сиёсатида бир қанча бошқа ўзгаришлар кўзда тутилган. Масалан, айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ўзини ўзи банд қилганлар ва ЯТТлар энди айланмадан 1 фоиз солиқ тўлайди.

Ўзбекистонда солиқлар: 2026 йилда нималар ўзгаради?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил учун Ўзбекистондаги солиқ сиёсати ва ставкалари ҳақида маълумот берди. 

 

Асосий солиқ ставкалари ўзгармайди

2026 йилда фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, ҚҚС 12 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда. 

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси ўзгармайди. 

 

Бизнес учун солиқлар

Йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорда белгиланмоқда. Бунда қуйидагилар бекор қилинади:

  • ЯТТлар учун қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш;

  • солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади 100 млн сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахсларни айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш. 

Айланмадан олинадиган солиқдан илк марта ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун:

  • бир йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;

  • 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташланади. 

Юридик шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиғи имтиёзларидан фойдаланишда мақсадли кўрсаткичлар асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда мақсадли кўрсаткич сифатида товар айланма ва ишчилар сони инобатга олинади. 

Қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари реализацияси учун 2026 йил 1 январдан бошлаб ҚҚСнинг «нол» ставкаси жорий этилмоқда.

Ўз эҳтиёжи учун гипс хомашёсини қазиб чиқариб, ундан тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга гипс олиш учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилиши белгиланмоқда.

 

Акциз солиғи соддалаштирилади

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш, шунингдек, ЖСТнинг маҳаллий ва импорт қилинган тамаки ва алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини босқичма-босқич бирлаштириш талаблари пайдо бўлган. 

Шу мақсадда ароқ, коняк ва бошқа алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкасини 2026 йил 1 февралдан бошлаб маҳаллий маҳсулотларга 1 литр учун 48 минг сўм, импорт қилинадиганга 1 литр учун 60 минг сўм этиб белгилаш назарда тутилмоқда. 2026 йил 1 июлдан ставкалар тенглаштирилган ҳолда 1 литр учун 48 минг сўмдан бўлади.

Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан бошлаб маҳаллий ва импорт қилинадиган вино ва пиво бўйича қуйидаги солиқ ставкаларини белгилаш таклиф этилмоқда: 

  • табиий винонинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 7 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 12 минг сўм; 

  • бошқа турдаги виноларнинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 9 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 15 минг сўм;

  • пивонинг 1 литри учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 3 минг сўм ва импорт қилинадиган маҳсулотларга 5 минг сўм. 

2026 йил 1 июлдан бошлаб акциз солиғи ставкаларини тенглаштирган ҳолда табиий винонинг 1 литри учун 10 минг сўм, бошқа турдаги винонинг 1 литри учун 12 минг сўм, шунингдек пивонинг 1 литри учун 4 минг сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда. 

2026 йил 1 январдан бошлаб эса 1 литр истеъмол ва техник этил спирти учун 15 минг сўм акциз солиғи ставкасини сақлаб қолган ҳолда, этил спиртининг бош фракциясига акциз солиғини 1 литр учун амалдаги 15 минг сўмдан 5 минг сўмгача пасайтирилади.

 

Тамаки маҳсулотлари

Тамаки маҳсулотлари бўйича солиқ ставкалари 2026 йилда оширилади. 1 февралдан сигара, чилим учун тамаки, ўрама тамаки, қиздириладиган тамаки таёқчаси ва вейплар учун, 1 июлдан эса филтрли, филтрсиз сигаретларга солиқ ставкалари 7 фоизга оширилади. 

Бу ерда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилинадиган маҳсулотлар учун бир хил ставка қўлланади. 

Сигаретларнинг минг донаси учун солиқ ставкасини 365 минг сўм, сигаранинг бир донаси учун 21,5 минг сўм, чилим учун тамаки, чекиладиган ўрама тамакининг 1 кг учун 642 минг сўм, қиздириладиган тамаки таёқчасининг 1 кг учун 481,5 минг сўм, вейпларнинг 1 мл учун 2,14 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.

 

Шакарли ва энергетик ичимликлар

2026 йил 1 апрелдан таркибидаги шакарнинг миқдорига қараб прогрессив тартибда солиққа тортилади. Таркибида шакар бўлган 100 мл ичимликлардаги шакар миқдори:

  • 5 граммгача бўлганда 1 литри учун 500 сўм (амалдаги ставка);

  • 5 граммдан 10 граммгача бўлганда 1 литри учун 515 сўм;

  • 10 граммдан юқори бўлганда 1 литри учун 535 сўм;

  • таркибида шакардан бошқа ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликларга 1 литри учун 500 сўм;

  • энергетик ичимликлар учун акциз солиғи ставкаси 1 литр учун 2 150 сўм.

Бунда, умумий овқатланиш соҳасидаги корхоналар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тайёрланиб истеъмолчиларга реализация қилинган ичимликларнинг акциз солиғига тортилмаслиги бўйича аниқлаштирувчи қоидалар киритилмоқда.

Шунингдек, 2026й йил 1 апрелдан бошлаб истеъмолга тайёр 1 кг картошка чипслари учун 15 минг сўм миқдорда акциз солиғини жорий этиш таклиф этилмоқда.

 

Фойда солиғи

2026 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмгача оширилади. 

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) электрон савдосини амалга оширувчилар учун фойда солиғи 15 фоиз (амалда 10 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз (амалда 3 фоиз) ставкада белгиланмоқда.

Фойда солиғи бўйича солиқ имтиёзлари Ўзбекистон президентининг қарорлари билан амортизация қилинадиган асосий воситаларни тезлаштирилган амортизация қилиш ҳуқуқини бериш тарзида уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тақдим этиш тартиби жорий этилади.  

Юридик шахс томонидан норезидентга дивидендлар тўлашда фойда солиғи суммасини илгари солиққа тортилган дивиденд бўйича тўланган фойда солиғига камайтириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалари доирасида солиқ сиёсати ва маъмурчилигида 2026 йил 1 январдан бир нечта ўзгаришлар назарда тутилмоқда. 

Ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган ҳолатда, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича умумий битта жарима қўлланади.

Тадбиркорларга сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича ҳисобланган молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилади. 

Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ ҳамда ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан шакллантирилади. 

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 22

Барчаси

Мавзуга оид