Ўзбекистонда урбанизация 51 фоизга етди

Бугун 17:152 дақиқа

Шаҳарсозликни ривожлантириш учун ҳар йили 200–250 миллиард сўм ажратилиб, маблағлар бош режаси йўқ ёки эскирган ҳудудларга йўналтирилади.

Ўзбекистонда урбанизация 51 фоизга етди © Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда аҳоли сони 38 миллиондан ошди ва урбанизация даражаси 51 фоизга етди. Бугунги кунда қарийб 20 миллион нафар аҳоли шаҳарларда яшамоқда. Бу ҳақда бугун, 14-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

«Бир нарсани яхши тушуниш зарур: агар урбанизация даражаси 1 фоизга ошса, иқтисодиёт ҳам камида 1 фоизга кўпаяди, инвестиция оқими, бизнес ва стартаплар, меҳнат унумдорлиги каррасига ўсади. Бунинг учун республикада урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича ягона ёндашув бўлиши керак», – деди Президент.

Шаҳарсозликка ажратилаётган пуллар

Шаҳарсозлик соҳасини ривожлантириш учун давлат бюджети ҳисобидан ҳар йили 200–250 миллиард сўм маблағ ажратилаётгани маълум қилинди. Ушбу маблағлар, аввало, бош режаси мавжуд бўлмаган ёки эскирган ҳудудларга йўналтирилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, кичик шаҳар ва шаҳарчаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорлар сони ортиб бораётгани таъкидланди. Бироқ шаҳарсозлик ҳужжатларининг йўқлиги сабабли кўплаб лойиҳалар амалга ошмай қолмоқда. Айрим тадбиркорлар эса ўз маблағлари ҳисобидан бош режаларни ишлаб чиқишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Ҳокимларга топшириқ

Вилоят ҳокимлари ва тегишли идораларга жорий йилда 6 та шаҳар ва 44 та шаҳарча бўйича бош режаларни, шунингдек, 104 та қишлоқ учун мастер режаларни ишлаб чиқишни якунлаш топширилди. Бундан ташқари, ташаббускор бизнес вакиллари билан ҳамкорликда яна 50 та аҳоли пункти бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

Теглар

Мавзуга оид