Logo

Ўзбекистонда уйларнинг ижара нархлари бир йилда 13 фоизга қимматлади

Бугун 10:042 дақиқа

Нархлар ўсиши Тошкент шаҳрига нисбатан бошқа ҳудудларда юқорироқ шаклланди. Ҳудудлардаги нисбатан юқори ўсиш пастроқ нарх базаси, аҳоли даромадлари, қурилиш ва инвестицион фаолликнинг кенгайиши билан боғлиқ.

Ўзбекистонда уйларнинг ижара нархлари бир йилда 13 фоизга қимматлади

Ўзбекистонда 2026-йил июнда бирламчи бозордаги уйлар бир йил олдингидан сўм ҳисобида 6,2 фоизга, долларда эса 12 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг кўчмас мулк бозори бўйича таҳлилида келтирилган.

Унда ёзилишича, иккиламчи бозордаги қиймат бундан бироз тезроқ ўсган ва нархлар сўмда 6,3 фоизга, долларда 12,2 фоизга қимматлашган.

Регуляторга кўра, бирламчи ва иккиламчи бозорларда нархлар динамикасининг деярли бир хил шаклланиши уй-жойга бўлган талаб умумий бозор бўйича барқарор шаклланаётганини кўрсатади. Нархлар ўсиши Тошкент шаҳрига нисбатан бошқа ҳудудларда юқорироқ шаклланди. Ҳудудлардаги нисбатан юқори ўсиш пастроқ нарх базаси, аҳоли даромадлари, қурилиш ва инвестицион фаолликнинг кенгайиши билан боғлиқ.

Ижара бозорида талаб юқори даражада сақлангани қайд этилган. Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат бўйича ижара нархларининг йиллик ўсиш суръати жорий йил II чорагида тезлашган. Хусусан, июнда кўп қаватли уйлардаги хонадонлар ижара нархлари 2025-йилнинг мос ойига нисбатан сўм ҳисобида 7,1 фоизга, доллар ҳисобида 13 фоизга ошган.

Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача таклиф нархи июн ойида бир квадрат метр учун ойига 9,5 долларни ёки 114 минг сўмни ташкил этди. Бу сўм ҳисобида ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 5,8 фоизлик (долларда – 11,6 фоиз) ўсишни англатади.
Жорий йилнинг июнида ижара эълонлари сони ортиши апрел-майдаги таклиф қисқаришини қисман қоплаган. Бироқ нархлар ўсишининг сақланиб қолиши талаб ҳам юқори бўлганини кўрсатган. Пойтахтда хизматлар соҳаси ва ишбилармонлик фаоллигининг кенгайиши, ички миграция жараёнлари, вақтинчалик яшашга бўлган эҳтиёж ижарага талабни қўллаб-қувватламоқда.

Уй-жойдан фарқли равишда Тошкент шаҳрида ер участкалари нархлари пасайган. Жумладан, июнда 100 квадрат метр ернинг ўртача таклиф нархи 292 миллион сўм бўлиб, ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 9 фоизга тушган. Шу билан бирга, май ойидаги кескин пасайишдан сўнг июндаги нархлар ойлик ҳисобда 2,6 фоизга тикланган.

Теглар

Мавзуга оид