add

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 29 фоизгача пасайтирилади

27.11.2025 | 21:183902 дақиқа

Президент раҳбарлигида Миллий статистика қўмитаси ҳисоботи кўриб чиқилиб, ЯИМ ҳисоб-китоблари, яширин иқтисодиёт ва рақамли технологиялар бўйича янги вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 29 фоизгача пасайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Миллий статистика қўмитаси ҳисоботи билан танишар экан, соҳада амалга оширилган ишлар ва яқин истиқболдаги устувор вазифаларни муҳокама қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Жорий йилда қабул қилинган фармон асосида Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилгани ҳамда статистика самарадорлигини ошириш бўйича янги йўналишлар белгилаб берилгани маълум қилинди. Йиғилишда идоралараро маълумот алмашинувининг кенгайиши, 60 та интеграция жорий этилгани ва ҳисобот юкланмаси 27 фоизга қисқаргани қайд этилди.

Электр энергияси ва газ истеъмоли, қишлоқ хўжалиги майдонлари ва ҳосил ҳақидаги маълумотлар автоматлаштирилган ҳолда қабул қилиниши статистиканинг аниқлигини оширгани таъкидланди. Ялпи ички маҳсулотнинг номинал ҳажмини ҳисоблашни такомиллаштириш натижасида қўшимча 81 трлн сўмлик қиймат инобатга олинган ва ЯИМ 2024 йил якуни бўйича 115 млрд доллардан 121,4 млрд долларгача кўтарилгани маълум қилинди.

Яширин иқтисодиёт улуши 2017 йилдаги 50 фоиздан 2024 йилда 35 фоизга тушгани таъкидланди. Яна 79 трлн сўмлик кузатилмаётган иқтисодий фаолликни қамраб олиш орқали бу кўрсаткични 29 фоизга тушириш имкони мавжудлиги билдирилди.

Президент глобал бозорда электрон савдо ҳажмининг жадал ўсиши ва мамлакатда бу соҳа йиллик 9–11 фоиз суръатда кенгайиши кутилмоқда, ахборот технологиялари, масофавий хизматлар ва фриланс ривожи статистика тизими олдида янги вазифалар қўяётганини таъкидлади.

Истеъмол нархлари индексини шакллантиришда қўлда маълумот йиғиш амалиётидан воз кечиб, сунъий интеллект ва АКТга босқичма-босқич ўтиш зарурлиги айтилди. Миллий статистикани халқаро стандартларга мос тизимга айлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, «Deloitte» томонидан ишлаб чиқилган 23 ташаббус ва 70 лойиҳани амалга ошириш аҳамияти қайд этилди. Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия тайёрланмоқда.

Келгуси йил январ ойида бошланадиган аҳоли рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик ҳам муҳокама қилинди. Ҳозиргача 9008 та маҳалла бўйича режалар тасдиқланган, 60 мингдан ортиқ «маҳалла еттилиги» ва масъул ходимлар учун ўқув курслари ўтказилгани маълум қилинди.

Теглар

Мавзуга оид