Ўзбекистондаги банклар ойига 1,5 трлн сўм фойда кўрмоқда
2026 йил январ-феврал ойида мамлакатдаги банклар 3 трлн сўмдан ортиқ фойда кўрди.
© © Foto: spot.uzЎзбекистон банк тизимида 2026 йил бошидан бери даромадлилик кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсишни намоён этмоқда. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботларида маълумот берилган.
Икки ой ичида банклар томонидан қайд этилган соф фойда 3 трлн сўмдан ошди. Январ ойида бу кўрсаткич 1,6 трлн сўмни ташкил этган эди. Солиштириш учун, ўтган йилнинг шу даврида банклар икки ойда 2,2 трлн сўм, январ ойида эса 1,2 трлн сўм соф фойда қайд этганди.
Агар банклар мазкур ўсиш суръатларини сақлаб қолса, йил якунига қадар соф фойда ҳажми 18 трлн сўмга етиб, янги рекорд қайд этилиши мумкин.
Банкларнинг икки ой ичидаги жами харажатлари 26,2 трлн сўм бўлган бўлса, жами даромадлари 38,1 трлн сўмни ташкил этди. 2025 йилнинг январ-феврал ойларида эса харажатлар 20,2 трлн сўмни, даромадлар 30,3 трлн сўм бўлган эди.
Умуман олганда, 2026 йил бошида банк тизими даромадлилиги яхшиланган. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, активлар рентабеллиги (ROA) 2,1 фоиздан 2,2 фоизга, капитал рентабеллиги (ROE) эса 11,6 фоиздан 13,4 фоизга ошган.
Шу билан бирга, фоизли операциялар самарадорлиги бироз пасайган: соф фоизли даромадларнинг активларга, кредитларга ва мажбуриятларга нисбати қисқарган.
2025 йилда банкларнинг умумий фойдаси
2025 йилда Ўзбекистондаги банклар 15,5 трлн сўм фойда олди. Ўтган йилги фойда банклар учун рекорд даражада бўлиб, 2024 йилга нисбатан 2,3 баробар кўпроқ бўлди.
2025 йилда деярли барча банклар фойда билан ишлади — фақат «Yangi bank» 136,7 млрд сўм зарар кўрди.
Давлат улуши бор банклар ҳам йилни 5,79 трлн сўм фойда билан якунлаб, бирортаси зарар кўрмади. Илгари зарарда бўлган «Mikrokreditbank» ва «BRB» ҳам фойдага чиқди.
34 та банкдан фақат 5 тасида фойда миқдори 2024 йилга нисбатан пасайди. Энг паст фойда «AVO bank» ва «TBC bank»да қайд этилди, айниқса «TBC bank»да кўрсаткич кескин тушиб кетган. Банк 2024 -йилда 341 млрд сўмдан ошиқ соф фойда олганди.
Теглар






