
Ўзбекистондаги оилалар энг кўп қандай сабаблар билан ажрашаётганлиги очиқланди
2024 йилда 271 776 та никоҳ тузилган бўлса, шу даврда никоҳдан ажралишлар сони 45 135 тани ташкил этган. Ажралишларнинг 28,5 фоизи 30 ёшгача бўлган шахсларга тўғри келган.

Ўзбекистондаги оилалар энг кўп қандай сабаблар билан ажрашаётганлиги айтилди. Бу ҳақда Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
2025 йилнинг январ-июн ойлари давомида 95 275 та никоҳ тузилган бўлиб, никоҳдан ажралишлар сони 23 338 тани (24 фоизни) ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга (871 тага) ортган. Республиканинг 112 та туман ва шаҳрида никоҳдан ажралишлар сони ўсган.
Маълумотларга кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2024 йилда никоҳдан ажратишга доир 32 217 та ариза қаноатлантирилган, шундан 17 535 та ҳолатда (54 фоиз) характер тўғри келмаслиги, 1 807 та ҳолатда (6 фоиз) бошқа никоҳ муносабатига киришганлиги, 1 222 та ҳолатда (4 фоиз) оилага тайёр эмаслиги, 1 033 та ҳолатда (3 фоиз) ўзаро ишончсизлик сабаб қилиб кўрсатилган.
Бундан ташқари, 2024 йилда ФҲДЁ органларида 7 499 та оила ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли ажратилган.
Маълумот учун, 2024 йилда 271 776 та никоҳ тузилган бўлса, шу даврда никоҳдан ажралишлар сони 45 135 тани ташкил этган. Ўтган йилда никоҳдан ажралишларнинг 28,5 фоизи 30 ёшгача бўлган шахсларга тўғри келган. Никоҳдан ажралишларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри (5 913 та), Фарғона (4 800 та), Андижон (4 781 та) ва Самарқанд вилоятларида (4 599 та) кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тўққиз ой давомида 50 мингдан ортиқ оила ажрашиш учун судга мурожаат қилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





