add

Парижда «Анорбанк» раҳбарининг «ўғирланиши» саҳналаштирилгани айтилмоқда

Аниқланишича, Қаҳрамонжон Олимовнинг Франциядаги «ўғирланиши» қарз ва бизнес масалаларини ҳал этиш учун саҳналаштирилган бўлиши мумкин.

Парижда «Анорбанк» раҳбарининг «ўғирланиши» саҳналаштирилгани айтилмоқда

2025 йил ёз ойида ўзбекистонлик банкир Қаҳрамонжон Олимов Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани маълум қилинганди. Унинг сўзларига кўра, номаълум шахслар ундан 10 миллион доллар товон пули талаб қилган. Бу воқеа ҳақида илк хабарни «Le Monde» эълон қилган ва у қисқа вақт ичида халқаро ОАВда, жумладан Ўзбекистонда кенг тарқалган. Бироқ «The Insider» ва «L’Express» қўшма суриштируви воқеада жиддий қарама-қаршиликлар мавжудлигини аниқлади.

Банкир Олимов собиқ иш берувчиси Ботир Раҳимовга яқин вакил (M.) томонидан ташкил этилганини билдирган. «The Insider» маълумотларига кўра, Раҳимов 2016 йилда Ўзбекистондан кетгач, унинг активлари ҳисобидан Олимов «молиявий магнат»га айланган. M. эса Раҳимовнинг Туркиядаги бизнес шериги бўлиб, тўлиқ шахсий маълумотлар таҳририятда мавжуд.

Нашр тасарруфидаги ҳужжатлар ва Telegram ёзишмалари икки томоннинг муносабатлари одатдаги «жиноятчи – жабрланувчи» схемасига мос келмаслигини кўрсатмоқда. Олимов ва M. ўзаро хушмуомалада бўлган, ҳатто баъзи ҳолларда дўстона тарзда мулоқот қилган.

Олимов «ўғирлангани» айтилган Ницца яқинидаги Рокфор-ле-Пан коммунасидан жойлашган вилла криптовалюта орқали ижарага олинган. Ижара жараёнида Олимовнинг яқин таниши Шуҳрат Зиёвуддиновнинг паспорти воситачига юборилган, кейинчалик эса «хотини билмаслиги учун» анонимлик сўралган.

Олимовнинг ўзи 22 июнда ўғирланганини, 23 июнда эса қўйиб юборилганини айтган. Аммо «The Insider» топган далилларга кўра, М. исмли шахс Олимов Парижга қайтиши учун биринчи класс авиачиптани ўз банк картаси билан тўлаган ва унинг нусхасини Telegram орқали Олимовга юборган.

24 июн куни Олимов полицияга ариза берган. Шунга қарамай, айни шу куни ва унга қадар икки тараф Telegram орқали дўстона мулоқотни давом эттирган. Пули талаб қилинган «200 минг долларлик қарз»нинг бир қисми полициядаги сўроқ билан бир вақтда, тахминан соат 19:00 да ўтказиб берилгани маълум бўлди.

Ёзишмалар 26 июнгача давом этган. Олимовнинг M.га юборган сўнгги хабарида шундай дейилган: «Мени зудлик билан милицияга олиб кетишяпти. Алоқани узаман». M. Эса унга жавобан: «Нега? Улар бу инсценировка эканини билиб қолдими?», — деб ёзган.

Олинган далиллар орқасида суриштирувчилар ҳодисанинг ўзини бизнесни қонунийлаштириш ёки қарз мажбуриятларини ёпиш бўйича саҳналаштирилган бўлиши мумкин, деган хулосага келишмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Парижда «Анорбанк» раҳбарининг «ўғирланиши» саҳналаштирилгани айтилмоқда | Vaqt.uz