«Пахтакор» футбол клуби 2025 йилда 50 млрд сўм зарар кўрди

Бугун 18:392 дақиқа

Клубнинг 2025 йилги молиявий ҳисоботидан 50 млрд сўмдан ортиқ зарар ва 17 млрд сўмдан ошиқ солиқ қарзи борлиги маълум бўлди.

«Пахтакор» футбол клуби 2025 йилда 50 млрд сўм зарар кўрди

Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони, Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби 2025 йилни 50 млрд сўмдан кўпроқ зарар билан якунлади. Бу ҳақда Vaqt.uz’га клубнинг iHamkor.uz порталидан маълум бўлди.

Йил давомида клуб 15,3 млрд сўм даромад олган (асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари — 63,6 млрд сўм), бироқ харажатлари 128,9 млрд сўмни ташкил қилган. Бунда йиллик зарар 50,8 млрд сўмга етган.

Таққослаш учун «Пахтакор» 2024 йилни узоқ йиллардан бери биринчи марта фойда билан якунлаб, 36,9 млрд сўм соф фойда олишга эришган.

Солиқларга келсак, футбол клуби 2025 йилда 11 млрд сўмга яқин солиқ тўлаган. Бироқ, клубнинг 17,1 млрд сўм солиқ қарздорлиги мавжуд.

rasm

«Пахтакор» 2025 йилда Ўзбекистон Суперлигасини 60 очко билан иккинчи ўринда якунлади. Клуб охирги марта 2023 йилда чемпионликни қўлга киритган.

Ҳозирда «Пахтакор» футбол клуби расман 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли ҳисобланади. Клуб раиси — пойтахтнинг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2024 йил бошида клуб савдога чиқарилгани ҳақида маълум қилганди. Аммо кейинчалик расмий келишув бўйича ахборот берилмаган.

Хусусийлаштириш бўйича эълондан сал ўтиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор»ни ривожлантирмоқчи бўлгани, шу билан бирга, клуб ва стадионни хусусийлаштириш учун 100 доллар ҳам тўламоқчи эмаслигини айтганди.

Маълумот учун, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчилари давлат бюджетидан 35 млрд сўмдан маблағ олади.

Кейинги йилларда давлат молиялаштириши босқичма-босқич камайтирилади. 2027 йилда ҳар бир клубга 30 млрд сўм, 2028 йилда эса 25 млрд сўмдан ажратилиши белгиланган. Бу эса клубларни мустақил даромад манбаларига ўтиш учун рағбатлантиради.

Теглар

Мавзуга оид