Пенсия ва ёрдам пуллари автоматик тарзда берилиши мумкин

29.01.2026 | 13:352 дақиқа

Ўзбекистонда айрим пенсия ва ижтимоий хизматларни фуқаролар мурожаатисиз ҳам автоматик тарзда кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Пенсия ва ёрдам пуллари автоматик тарзда берилиши мумкин

Ўзбекистонда фуқаролар ва тадбиркорлар учун айрим давлат хизматларини мурожаатсиз, автоматик тарзда тақдим этиш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил учун устувор ислоҳотлар ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга қаратилган давлат дастури лойиҳасида келтирилган.

Янги тартиб

Ҳужжат лойиҳасига кўра, айрим хизматлар ваколатли органлар ташаббуси билан, фуқароларнинг ариза топширишини талаб қилмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Лойиҳада жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақани автоматик тайинлаш назарда тутилган. Шунингдек, пенсия ёшига етган фуқароларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни мурожаатсиз бериш амалиёти жорий этилиши мумкин.

Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган айрим ижтимоий тоифадаги талабаларга талабалар турар жойига жойлашиш бўйича йўлланмалар ҳам автоматик равишда берилади. Гап меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар, шунингдек, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар ҳақида бормоқда.

Аввалроқ киритилган ўзгаришлар

Шу билан бирга, пенсияларни проактив шаклда тайинлаш амалиёти аллақачон ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда. 2025 йил май ойида қабул қилинган қонун ўзгаришларига кўра, эркаклар 60 ёшдан, аёллар эса 55 ёшдан пенсия тўловларини автоматик равишда олишни бошлайди. Пенсия тайинлаш фуқаро пенсия ёшига етган куни ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда пенсиядан ушлаб қолиш меъёрларини қатъий белгилаш ва жамғариб бориладиган тизим қайта кўриб чиқилиши ҳақида хабар бергандик.

Теглар

Мавзуга оид