add

Жамғариб бориладиган пенсия тизими қайта кўриб чиқилади

25.01.2026 | 16:012 дақиқа

Ўзбекистонда пенсиядан ушлаб қолиш меъёрларини қатъий белгилаш ва жамғариб бориладиган тизимни ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда.

Жамғариб бориладиган пенсия тизими қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистонда жамғариб бориладиган пенсия тизимини қайта кўриб чиқиш ҳамда пенсиядан турли ушлаб қолишлар қўллангандан кейин тўланадиган маблағ миқдорини қонунчилик даражасида аниқ белгилаш режалаштирилмоқда. Бу Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастури ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича президент фармони лойиҳасида келтирилган.

Янги меъёрлар

Лойиҳада пенсиядан ҳар ойлик ушлаб қолинадиган маблағ миқдори унинг 50 фоизидан ошмаслиги белгиланмоқда. Шунингдек, барча ушлаб қолишлар қўллангандан сўнг пенсионерга тўланадиган пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги шарт этиб қўйилмоқда. Бу норма пенсионерларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Мазкур ўзгартишларни ишлаб чиқиш вазифаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруевга юклатилмоқда. У манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг июль ойига қадар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.

Жамғариб бориладиган тизимдаги ўзгаришлар

Шу билан бирга, илғор хорижий тажриба асосида давлат пенсия таъминоти тизимини комплекс ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда. Дастурда амалдаги жамғариб бориладиган пенсия тизимини қайта кўриб чиқиш, пенсия жамғармаларини капиталлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, жамғарма маблағларини самарали сафарбар қилиш ва уларни узоқ муддатли инвестицияларга йўналтириш орқали капитал бозорини ривожлантириш чоралари белгиланмоқда. Шу мақсадда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида халқаро консультантлардан иборат Лойиҳа офисини ташкил этиш назарда тутилган.

Қайд этилишича, мазкур йўналишдаги президент фармони лойиҳаси 2026 йил декабр ойига қадар ишлаб чиқилиши лозим. Бу жараён учун иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров масъул этиб белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид