Logo

PISA’da 83 баллик ўсиш: Ўзбекистонда таълим сифати ҳақиқатан яхшиландими?

Бугун 12:3711 дақиқа

Ўзбекистоннинг табиий фанлар бўйича натижаси уч йилда 83 баллга ошиб, 48-ўринга кўтарилди. Бироқ математика ва ўқиш саводхонлиги натижалари эълон қилинмаган. Таълим эксперти Комил Жалилов бу ўсиш, PISA форматига тайёргарлик, Президент мактаблари ва таълимдаги тафовутлар ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, асосий мақсад рейтингдаги ўринни яхшилаш эмас, тизимдаги реал ва барқарор ўзгаришларга эришиш бўлиши керак.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) PISA–2025 тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Ўзбекистон табиий фанлар бўйича 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллади. 2022-yilda мамлакат 355 балл билан 80-ўринда бўлган.

Бироқ PISA–2025 натижаларининг Ўзбекистон учун энг муҳим икки йўналиши — математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича кўрсаткичлар эълон қилинмади. OECD бу йўналишларда айрим мактаблар ва ҳудудлардаги жавобларда натижаларни ишончли баҳолашга халақит берадиган номувофиқликлар аниқланганини билдирган.

Таълим эксперти Комил Жалиловнинг фикрича, айнан шу ҳолат Ўзбекистоннинг PISA–2025 натижаларини баҳолашда эҳтиёткорликни талаб қилади.

PISA аслида нимани ўрганади?

PISA 15 ёшли ўқувчиларнинг уч асосий йўналишдаги саводхонлигини баҳолайди: ўқиш, табиий фанлар ва математика. Бунда фақат назарий билим эмас, олинган билимни реал ҳаётдаги вазиятларда қўллай олиш қобилияти ҳам текширилади.

Жалиловнинг таъкидлашича, табиий фанлар бўйича ўқувчидан ҳодисаларни тушуниш ва уларга оид билимлардан ҳаётий муаммоларни ҳал қилишда фойдаланиш қобилияти талаб қилинади. Математик саводхонлик эса ҳаётдаги муаммоларни математик фикрлаш орқали ҳал қила олишни англатади.

PISA тадқиқоти OECD томонидан 2000-йилдан бери ўтказиб келинади. Ўзбекистон унда иккинчи марта қатнашмоқда.

Математика ва ўқиш натижалари нега эълон қилинмади?

Ўзбекистонлик ўқувчилар учала асосий йўналиш бўйича ҳам тест топширган. Аммо математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича натижалар OECD томонидан эълон қилинмади.

Жалиловнинг айтишича, ҳукумат вакиллари бу натижаларни кейинчалик эълон қилиш имконияти юзасидан OECD билан музокаралар олиб борилаётганини билдирган. Бироқ эксперт тақдимотда «албатта эълон қилинади» деган аниқ баёнот берилмаганини таъкидлади.

OECD ҳисоботида айрим мактаблар ва ҳудудлардаги натижаларда хулоса чиқаришга имкон бермайдиган номувофиқликлар аниқлангани қайд этилган.

Жалилов бундай ҳолатнинг сабабини тушунтирар экан, тестология ва баҳолаш назариясига оид шахсий тахминини билдирди. Унингча, айрим паст қобилият даражасидаги ўқувчиларнинг мураккаблиги юқори бўлган саволларга кутилганидан анча юқори даражада жавоб бериши статистик жиҳатдан шубҳали кўриниши мумкин.

«Балким ўша қобилият даражаси паст бўлган ўқувчилар, масалан, қийинлик даражаси юқори бўлган саволларга жавоб берган бўлса, бу жуда ҳам шубҳали бўлади-да», — дея тушунтиради у.

Бошқа тарафдан, PISA турли мактабларда ўтказилади ва OECD вакили барча мактабларда жараённи жисмонан кузатиб бориши имкони бўлмаслиги мумкин. Жалиловнинг фикрича, тест ўтказилмаган мактабларда юзага келган айрим ҳолатлар ҳам натижаларнинг бекор қилинишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Уч йилда тўрт йиллик сакраш

Табиий фанлар бўйича Ўзбекистон натижасининг 355 баллдан 438 баллга чиқиши PISA–2025’нинг энг катта янгиликларидан бири бўлди.

Жалилов бу ўсиш миқёсига алоҳида эътибор қаратди. Унинг айтишича, PISA’нинг ўз таҳлилларида 20 балл атрофидаги фарқ бир йиллик ўқишга тенглаштирилади.

«Сиз айтган 83 баллик ўсиш бу тўрт йиллик ўсиш дегани, aслида. Яъни уч йил давомида биз тўрт йиллик ўсишни амалга оширдик дегани», — деди эксперт.

Жалиловнинг таъкидлашича, PISA тарихида қисқа вақт ичида бундай катта сакраш ҳолати кузатилмаган. Шу сабабли у 83 баллик ўсишни изоҳлашда эҳтиёткор бўлиш керак, деб ҳисоблайди.

«Бунақа 83 баллик ўсишни қисқа вақт ичида тизимли бир ўзгаришларсиз амалга ошириб бўлмайди-да», — деди у.

Эксперт шу билан бирга, сўнгги уч йилда таълим тизимида умуман ўзгариш бўлмаган, деган фикрда эмас. Унингча, компетенциявий ёндашувга ўтиш ва янги ўқув дастурларининг жорий қилиниши натижага маълум даражада таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

PISA форматига тайёргарлик натижага таъсир қилганми?

Жалилов 2022-йилда Ўзбекистон PISA’да илк бор қатнашгани ва ўша пайтда ўқувчиларнинг тест формати билан таниш эмаслиги натижаларга таъсир қилган бўлиши мумкинлигини айтди.

PISA компютерда ўтказилиши, саволларнинг формати ва топшириқлар тузилиши билан таниш бўлмаслик ҳам дастлабки натижаларнинг паст бўлишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлиши мумкин.

Кейинчалик эса ўқувчиларни PISA форматидаги топшириқларга тайёрлаш учун махсус платформалар ва бошқа воситалар жорий этилгани расмийлар томонидан ҳам айтилган.

Жалилов ижтимоий тармоқларда айрим ўқитувчилар томонидан 9-синф ўқувчилари бошқа фанлардан озод қилиниб, PISA тестига тайёрлангани ёки тест вақтида ўқитувчилар ўқувчиларга ёрдам бергани ҳақида даъволар тарқалаётганини ҳам қайд этди. Бироқ у бу маълумотларни тасдиқланган факт сифатида эмас, ижтимоий тармоқлардаги даъволар сифатида тилга олди ва бу борада вазирликнинг расмий изоҳи кераклигини айтди.

Экспертнинг фикрича, агар бундай амалиёт ҳақиқатан қўлланган бўлса, бу жиддий муаммо.

«PISA аслида битта нарсани тушунишимиз керак, бу олимпиада эмас. Бу спорт мусобақаси эмас, яъни ким биринчи бўлади, ким иккинчи бўлади деган бир мусобақа эмас бу», — урғулайди Жалилов.

Унинг таъкидлашича, PISA’нинг асосий вазифаси давлатлар ўртасида рейтинг тузиш эмас, балки таълим тизимидаги ҳолатни таҳлил қилиш ва сиёсат учун маълумот ҳамда тавсиялар беришдир.

«Натижаларни кўз-кўз қилиш учун эмас»

Жалиловнинг фикрича, ўқувчиларни айнан PISA тестига махсус тайёрлаш орқали эришилган натижа таълим тизимининг реал ҳолатини акс эттирмаслиги мумкин.

«Ўқувчиларни махсус тайёрлантириб эришилган натижалар бизга реал ҳолатни бермаслиги мумкин ва биз жуда ҳам алдаб қолишимиз мумкин», — деди у.

Бундай натижанинг яна бир муаммоси шундаки, PISA цикли уч йилда бир марта ўтказилади ва кейинги тадқиқотда бошқа 15 ёшли ўқувчилар қатнашади. Шунинг учун бир гуруҳ ўқувчини тестга тайёрлаш орқали олинган юқори натижани бутун тизимга кўчириш қийин.

Экспертнинг фикрича, PISA натижасини яхшилашнинг ўзи мақсадга айланиб қолмаслиги керак.

«Асл мақсад ўша ҳолатимизни таҳлил қилиб, таълим, таълимнинг умумий сифатини ошириш учун бир қадамлар қўйиш бўлиши керак-да», — деди у.

83 баллик ўсишнинг бошқа омиллари ҳам бор

Жалилов PISA натижасидаги ўсишни фақат махсус тайёргарлик билан изоҳлаш тўғри эмаслигини ҳам таъкидлади.

Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда компетенциявий ўқув дастурларига ўтиш бошланди. 2021-йилда Миллий ўқув дастури лойиҳаси яратилган ва уни жорий этиш бошланган. 2023-йилга келиб дастур айрим синфларга жорий қилиниб, шу асосда янги дарсликлар ишлаб чиқилган.

Эксперт бу жараён PISA’да баҳоланадиган кўникмалар билан боғлиқлигини қайд этди.

«Бояги ёдлашга асосланган ёки қайтаришга асосланган бир ўқув дастурларидан воз кечиб, секин-секин ўша компетенциявий таълимга ўтишни бошладик», — деди у.

Унинг фикрича, бундай дастурларда ўқувчининг маълум бир синфни тугатгач эгаллаши керак бўлган кўникмалари аниқ белгиланади. Бу эса ўқитувчи ва ўқувчини конкрет натижага йўналтиради.

Шу сабабли эксперт 83 баллик ўсишнинг барча қисмини PISA’га махсус тайёргарлик билан боғламайди. Унингча, тизимдаги ўзгаришлар ҳам натижага таъсир қилган бўлиши мумкин.

Президент мактаблари натижага қандай таъсир қилган?

PISA–2025 доирасида Ўзбекистондаги Президент мактабларининг барчаси тадқиқотда қатнашган. Уларнинг танланмага киритилиши аввал жамоатчиликда баҳсга сабаб бўлган.

Жалиловнинг фикрича, 14 та Президент мактабининг барчаси тасодифий танланмага киргани ҳақидаги изоҳнинг ўзи статистик нуқтаи назардан саволлар туғдиради. Кейинчалик PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шлейхер билан ОАВ орқали боғланилгач, Президент мактаблари Ўзбекистон томонининг таклифи билан алоҳида гуруҳ сифатида киритилгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган.

Эксперт Президент мактабларини Ўзбекистоннинг ўртача мактаби билан тенглаштириш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, бу мактабларда ўқувчилар Кембриж дастурлари ва дарсликлари асосида, инглиз тилида таълим олади. Таълим жараёнида хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирок этади, ўқувчилар бир сменада ўқийди ва мактабга кириш учун катта танловдан ўтади.

«Президент мактабларидаги таълим бу Ўзбекистондаги таълим эмас», — деди Жалилов.

Бу фикр билан у Президент мактабларининг таълим сифати пастлигини эмас, балки уларнинг шароити ва ўқувчилар таркиби Ўзбекистон мактабларининг ўртача ҳолатини акс эттирмаслигини назарда тутади.

Репрезентативлик масаласи

Экспертнинг асосий эътирози Президент мактабларининг PISA натижасига қўшилишидан кўра, уларнинг танланмада қандай акс эттирилганига бориб тақалади.

Жалилов репрезентатив танланма орқали бутун мамлакат ҳақида хулоса чиқариш мумкинлигини, аммо бунинг учун танланма мамлакатдаги реал таркибни акс эттириши кераклигини тушунтирди.

У буни шўрванинг таъмини билиш учун унинг ҳаммасини ичиш шарт эмаслиги, озгина қисмини татиб кўриш кифоялиги билан қиёслади. Бироқ олинган қисм бутун шўрвани акс эттириши керак.

Шу нуқтаи назардан, унин фикрича, барча Президент мактабларининг танланмага киритилиши репрезентативлик бўйича савол туғдиради.

«Репрезентативлик нима дегани? Яъни ўша танланма бутун Ўзбекистонни акс эттириши керак», — деди эксперт.

Президент мактаблари 83 баллик ўсишни таъминладими?

Шу билан бирга, Жалилов Президент мактаблари Ўзбекистоннинг 83 баллик ўсишига асосий сабаб бўлган, деган хулосани қўллаб-қувватламайди.

Унинг фикрича, агар ўсиш асосан Президент мактаблари ҳисобига юзага келганида, табиий фанлар бўйича энг юқори даражаларга эришган ўқувчилар улуши ҳам анча юқори бўлиши кутиларди.

Эксперт PISA ҳисоботидаги мактаблар натижалари акс этган графикда бир-бирига яқин жойлашган ва бошқа мактабларга нисбатан анча юқори натижа кўрсатган 14 та нуқтага эътибор қаратди. Унинг тахминига кўра, 580–600 балл атрофидаги ушбу натижалар Президент мактабларига тегишли бўлиши мумкин.

«Менинг тахминим бўйича мана шулар ўша Президент мактабларининг натижалари бўлиши керак», — деди у.

Жалилов бу рақамлар айрим юқори натижали мамлакат ва ҳудудларнинг ўртача кўрсаткичларига яқинлигини ҳам қайд этди. Аммо унинча, бу ерда муҳим фарқ бор: Ўзбекистондаги бундай натижа юқори танловдан ўтган ва алоҳида шароитларда таълим олаётган ўқувчилар гуруҳига тегишли бўлиши мумкин.

Шу сабабли у бундай натижани бутун Ўзбекистон таълим тизими билан таққослашда эҳтиёткорлик зарурлигини таъкидлади.

Таълимдаги тафовут қанчалик катта?

Жалиловнинг фикрича, Президент мактаблари масаласи фақат PISA натижасига бориб тақалмайди. Бу ерда таълимдаги ижтимоий-иқтисодий тафовут масаласи ҳам мавжуд.

У PISA маълумотларида ўқувчилар ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига кўра тўрт гуруҳга ажратилишини эслатди. Экспертнинг тахминича, юқори натижа кўрсатган ва Президент мактаблари бўлиши мумкин деб ҳисоблаётган 14 та нуқта ўртадан юқори ижтимоий-иқтисодий қатламга яқин жойлашган.

Жалиловнинг фикрича, Президент мактабига кириш учун фақат имтиҳондан ўтишнинг ўзи етарли эмас. Бола қўшимча тайёргарлик кўриши учун оила вақт, маблағ ва бошқа ресурсларга эга бўлиши керак.

«Хоҳлайсизми-йўқми, ўша Президент мактаблари ўша ўртадан юқори бўлган қатламнинг болаларини териб оляпти-да», — дейди эксперт суҳбатда.

Масала коррупция ёки танловнинг адолатлилиги билангина чекланмайди. Оиланинг фарзандини қўшимча тайёрлаш имконияти ҳам таълимдаги тенгликка таъсир қилади.

«Оддий мактабдаги бола саккиз йил орқада қолиши» хавфи

Жалилов PISA графикларидаги эҳтимолий Президент мактаблари натижалари билан Ўзбекистоннинг ўртача натижаси ўртасидаги фарқни ҳам алоҳида хавф сифатида кўрсатди.

У 580 балл атрофидаги натижа билан Ўзбекистоннинг ўртача 430 балл атрофидаги натижаси ўртасидаги қарийб 150 баллик фарқни PISA’даги бир йиллик ўқишга тенглаштириладиган 20 баллик мезон билан қиёслади.

«150 балл дегани бояги, масалан, бир йиллик ўқиш 20 баллга тенг деб оладиган бўлсак, PISAнинг ўзидаги бу ҳисоб-китоблар, бу дегани етти, етти ярим, саккиз йиллик фарқ дегани», — деди у.

Эксперт бундай тафовутни ўрта таълим учун хавфли деб ҳисоблайди.

«Ўрта таълимнинг мақсади ҳаммага сифатли таълим олиш учун тенг имкониятлар яратиш керак», — деди Жалилов.

Унингча, ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишлари турлича бўлиши табиий. Аммо давлат мактаблари ўртасидаги академик тафовутнинг ҳаддан ташқари катталашиб кетиши таълим тизимининг асосий вазифасига зид.

Муаммо фақат ўқувчиларда эмас — яхши кадрлар ҳам ажралиб чиқмоқда

Эксперт таълимдаги тафовутни фақат ўқувчилар таркиби билан изоҳлаш етарли эмаслигини айтди. Унингча, Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда хусусий мактаблар яхши педагогларни ўзига жалб қилиши мумкин.

Бунинг сабаби — юқорироқ маош, яхшироқ шароит ва касбий ўсиш имкониятлари.

«Яхши мутахассис ўша ёққа ҳаракат қилади», — деди Жалилов.

Натижада, унин фикрича, оддий мактаблар нафақат кучли ўқувчиларни, балки кучли педагогларни ҳам йўқотиши мумкин. Бу эса мактаблар ўртасидаги тафовутни янада кучайтириш эҳтимолини юзага келтиради.

Аввал барча мактаблар учун базавий стандартлар

Жалилов Президент мактабларини тугатиш ёки уларнинг шароитларини оддий мактаблар даражасига тушириш тарафдори эмаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг таклифи — аввало барча давлат мактаблари учун таълим сифати ва шароитларнинг умумий стандартларини таъминлаш.

Унинг фикрича, мактабларнинг бир ёки уч сменада ишлаши, санитария шароитлари, кутубхона ва бошқа базавий имкониятлар бўйича талаблар аниқ бўлиши керак.

«Олдин ҳеч бўлмаганда оддий мактабларни базавий стандартлар даражасига чиқариб олайлик», — деди эксперт.

Шундан кейингина мавжуд ресурсларни алоҳида ихтисослаштирилган мактабларга қўшимча йўналтириш масаласини кўриб чиқиш мумкин, деб ҳисоблайди у.

Таълимдаги тафовут ижтимоий тафовутга айланиши мумкин

Жалилов таълимдаги кескин фарқлар узоқ муддатда фақат мактаб масаласи бўлиб қолмаслигини таъкидлади.

Унинг фикрича, турли қатламлар учун яратилаётган имкониятлар ўртасидаги кескин тафовут жамиятдаги ижтимоий ажралишни ҳам кучайтириши мумкин.

«Ижтимоий тафовутлар, ижтимоий муаммоларга олиб келади. Ўша турли табақалар, турли ўша нималар ўртасидаги кескин тафовутлар ва кескин душманликка ҳам олиб келади-да бу нарса», — деди у.

Эксперт Президент мактаблари ўқувчиларининг ўзини жамиятдаги алоҳида гуруҳ сифатида ҳис қилиши эҳтимолига ҳам эътибор қаратди. Унингча, давлат мактаблари ўртасидаги бундай фарқлар «ким нимага лойиқ» деган қарашларни кучайтириши мумкин.

2030-йилгача нима ўзгариши керак?

Жалилов Ўзбекистон таълим тизимида ўзгаришлар борлигини инкор қилмайди. У компетенциявий ёндашув ва янги ўқув дастурларини шундай ўзгаришлар қаторига киритади.

Аммо экспертнинг фикрича, бу ислоҳотлар самара бериши учун таълимни бошқаришдаги ёндашув ҳам ўзгариши керак.

У таълим тизимининг ҳаддан ташқари марказлашган бошқарувидан воз кечиш, ўқитувчилар ва мактабларга кўпроқ ишонч ҳамда ваколат бериш зарурлигини айтди.

«Кўпроқ ишонч билдиришимиз керак ўқитувчиларга, мактабларнинг ўзига. Ваколатни кўпроқ ўзларига беришимиз керак-да», — деди Жалилов.

Унингча, таълимдаги реал ўзгаришлар рейтинг ёки халқаро тадқиқотдаги ўрин билан ўлчанмаслиги керак.

«PISA’даги ўринни яхшилаш бўлмаслиги керак»

Эксперт суҳбат якунида PISA ва бошқа халқаро тадқиқотларга муносабат масаласини асосий муаммо сифатида кўрсатди.

Унинг фикрича, халқаро рейтингларда юқорилашга эришишнинг ўзи мақсад қилиб олинадиган бўлса, тизим тадқиқотнинг асл вазифасидан узоқлашади.

«PISAми ёки бошқа ҳар қандай халқаро бир рейтингларда, халқаро тадқиқотларда қатнашаётганимизда, натижаларни ўша бировга ёки ўзимизга кўрсатиш учун яхшилашдан воз кечишимиз керак», — деди Жалилов.

Унингча, PISA таълим тизимининг ҳақиқий ҳолатини кўрсатиб бериши ва шу асосда фундаментал муаммоларни аниқлашга хизмат қилиши керак.

«Биз ҳақиқий аҳволимиз яхши, мақсад ҳақиқий аҳволни яхшилаш бўлиши керак. Яъни, ўша фундаментал муаммоларни, фундаментал сабабларни ҳал қилиш бўлиши керак. Яъни, PISA’даги ўринни яхшилаш бўлиши керак эмас», — деди эксперт.

Жалиловнинг фикрича, агар кейинги PISA циклида натижалар яна кескин ўзгариб кетса, бу аввалги натижаларнинг тизимли ва барқарор бўлмаганини кўрсатиши мумкин. Шу сабабли у кичикроқ бўлса ҳам, реал ва барқарор ўсишни афзал кўради.

«Кўзланган натижага балким секинроқ эришармиз, лекин эришган натижамиз барқарор бўлади», — деди Комил Жалилов суҳбат якунида.

Теглар

Мафтуна Яхшиликова

Мафтуна ЯхшиликоваМақолалар сони: 155

Барчаси

Мавзуга оид