
Покистонда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши таклиф этилди
Исломобод шаҳрида «Янги Ўзбекистон» номи билан аталиши мумкин бўлган янги массив ва боғ барпо этиш ташаббуси муҳокама қилинди.

Покистон пойтахти Исломободда «Янги Ўзбекистон» массиви ва боғини барпо этиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди. Маълумотга кўра, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўxтаев Покистоннинг Habib Rafiq Pvt. Ltd компанияси бош менежери Аслам Малик билан учрашиб, қурилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда Аслам Малик Ўзбекистонда олиб борилаётган шаҳарсозлик ислоҳотларини юқори баҳолаб, инфратузилма янгиланиши, янги шаҳарлар барпо этилиши ва аҳолини қулай уй-жой билан таъминлаш борасида тўпланган тажрибага қизиқиш билдирди. У Покистондаги лойиҳаларда ўзбек компанияларининг иштирокини таъминлаш ва икки мамлакат ўртасида қурилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Покистон томони Исломобод яқинидаги 2,8 минг гектарлик Capital Smart City мега-лойиҳаси билан таништириб, мазкур ҳудудда турли турдаги турар-жойлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ва кўнгилочар боғлар барпо этилганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШдаги Силикон водийсига ўхшаш Silicon Village технологик шаҳарчаси қурилиши давом этаётгани қайд этилди.
Аслам Малик Capital Smart City ҳудудида «Янги Ўзбекистон» массиви ва боғини барпо этиш, шунингдек, Ўзбекистондаги йирик лойиҳаларда иштирок этиш бўйича қатор таклифлар билдирди. Унинг фикрича, икки мамлакат компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик катта имкониятлар очади. Технологик шаҳарча раҳбари Абид Кабир Чима эса Ўзбекистондаги технопарклар билан алоқаларни кучайтиришга қизиқиш билдирди.
Томонлар учрашув якунида муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, компания делегациясининг Ўзбекистонга ишчи сафари ва тегишли идоралар билан музокаралар ташкил этиш бўйича келишиб олди.





