Logo

Президент администрацияси ҳақидаги қонун, АҚШнинг Ўзбекистонга эътирози ва 7 баравар кўпроқ пул ўтказмалари — 14 август дайжести

Кеча 23:002 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Президент администрацияси ҳақидаги қонун, АҚШнинг Ўзбекистонга эътирози ва 7 баравар кўпроқ пул ўтказмалари — 14 август дайжести

Ўзбекистонда болага отасининг исмини фамилия сифатида қўйишга рухсат берилди

Ўзбекистонда ота-оналарга фарзандига фамилия танлашда янги имконият берилди. Энди болага отасининг исми ёки ота-онанинг хоҳишига кўра бобосининг исми фамилия сифатида берилиши мумкин.

Тегишли ўзгартиришлар 13 август куни Президент имзолаган қонун билан Оила кодексига киритилди. Аввал бундай тартиб қонунчиликда назарда тутилмаган эди.

Шавкат Мирзиёев Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни имзолади. Ҳужжатда администрациянинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгилаб берилди.

Қонун 4 та боб ва 34 та моддадан иборат бўлиб, администрациянинг амалдаги ваколатлари доирасида президент фаолиятини таъминлашнинг конституциявий механизмлари қонунда ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди.

АҚШ Ўзбекистонни Хитойга Трамп божларидан қочишга ёрдам беришда айблади

АҚШ Ўзбекистонни ҳам Хитой маҳсулотларини Америка бозорига божи пастроқ давлатлар орқали йўналтиришда гумон қилинаётган 40 дан ортиқ давлат қаторига киритди.

Оқ уй ҳисоботига кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Грузия каби давлатлар орқали Хитой маҳсулотларининг қайта экспорти амалга оширилмоқда. Вашингтон бу орқали умумий қиймати 60 млрд долларлик савдода АҚШ божларини четлаб ўтиш имкони яратилганини билдирган.

2027 йилдан судлар тизимида янги тартиб жорий этилади

Ўзбекистонда суд қарорларини қайта кўриб чиқиш, мурожаатларни қабул қилиш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш тартиби ўзгаради. «Одил судлов – 2030» стратегияси доирасида 57 та вазифа ва 33 та мақсад белгиланди.

2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилиб, қуйи судлар қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқади. Судга нотўғри юборилган аризалар қайтарилмай, тегишли судга ўтказилади. Барча судларда ягона «дарча» орқали ахборот олиш ва мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Ўзбекистонга пул ўтказмалари четга юборилганидан 7 баравар кўп бўлди

2026 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонга хориждан 9,3 млрд доллар пул ўтказилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ошган.

Шу даврда Ўзбекистондан хорижга юборилган маблағлар 1,3 млрд долларни ташкил этиб, 8 фоизга кўпайган. Натижада мамлакатга кириб келган ва чиқиб кетган пул ўтказмалари ўртасидаги фарқ 8 млрд долларга етди.

Теглар

Мавзуга оид