Logo

Президент давлат хавфсизлик хизматига янги раҳбар тайинланди

Бугун 10:031 дақиқа

Рустам Жўраев Президент давлат хавфсизлик хизматининг раиси этиб тайинланди. Тайинловга қадар у Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Президент фармони билан унга генерал-лейтенант ҳарбий унвони берилди.

Президент давлат хавфсизлик хизматига янги раҳбар тайинланди

Рустам Мирзаевич Жўраев Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раиси этиб тайинланди.

Шунингдек, Президент фармони билан унга генерал-лейтенант ҳарбий унвони берилди.

Тайинловга қадар Рустам Жўраев 2026 йил январидан буён Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган.

Янги лавозимда у 2020 йил декабридан буён Президент давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилиб келган Алишер Усмонов ўрнини эгаллади. Аввалроқ Усмоновнинг ишдан ҳайдалгани ҳақида хабар берилганди.

Рустам Жўраев ким?

Рустам Жўраев 1968 йилда туғилган. У 1994 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган.

Фаолияти давомида ИИВ тизими, Президент аппарати, Тошкент шаҳри, Наманган ва Хоразм вилояти ички ишлар органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Шунингдек, 2017–2018 йилларда фавқулодда вазиятлар вазири бўлган.

2020 йил март ойидан 2026 йил январга қадар Миллий гвардия қўмондони сифатида фаолият юритган. Кейин эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтган.

Маълумот учун, Президент давлат хавфсизлик хизмати — президент, унинг оила аъзолари, собиқ президент ва унинг оила аъзоларининг бутун ҳаёти давомида, шунингдек, хорижий давлатлар раҳбарларининг ташрифлари чоғида уларнинг ва бошқа қўриқланувчи шахсларнинг, уларга тегишли объектлар ҳамда ҳаракатланиш йўналишларининг хавфсизлиги учун масъул бўлган махсус давлат органидир. ПДХХ бевосита Президентга бўйсунади ва унга ҳисобдор.

Теглар

Мавзуга оид

Президент давлат хавфсизлик хизматига янги раҳбар тайинланди | Vaqt.uz